Исроил Мадримов мексикалик боксчига қарши рингга кўтарилади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов 5 октябрь куни “Мэдисон-сквер-гарден” аренасида навбатдаги жангини ўтказади.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, унга мексикалик боксчи Алехандро Баррера рақиблик қилади. Баррера шу пайтгача 34 бор рингга кўтарилган бўлиб, 29 жангда ғалаба қозонган ва 5 бор мағлубиятга учраган.

Ҳозирда Мадримов Нью-Йоркда жангга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Куни кеча боксчи Нью-Йоркдаги марказий кўчаларнинг бирида очиқ машғулот ўтказди.

Уни томоша қилиш учун шаҳарда истиқомат қилаётган ҳамюртлари ва кўп сонли бокс мухлислари ташриф буюришди.

Бўлажак тўқнашув Тошкент вақти билан тахминан тонгги соат 06:00дан кейин бошланади. Мадримов ва Барреро ўртасидаги жангни “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин.