Истеъмолчи доим ҳақ

Ушбу сана БМТ томонидан 1983 йилда Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида эътироф этилган ва шу йилдан бошлаб ҳар йили бутун дунё бўйлаб кенг нишонланиб келмоқда.

Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4 ва 30-моддаларига мувофиқ вужудга келди. 1997 йилда аҳолининг сифатсиз маҳсулот ва хизматлардан ҳимоя қилишга ўз улушини қўшиш ва ўз имкониятларини бирлаштиришга қарор қилган бир қатор ҳамфикрлар ташаббуси билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти шаклида ташкил топди. Жамият 1999 йили Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти сифатида рўйхатдан ўтди. Бу вақтда республика вилоятларида ҳудудий жамиятлар ташкил топди.

2000 йил Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг навбатдан ташқари II съездида жамиятга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси номи берилди.

Фаол истеъмолчиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу жамоат ташкилотига давлат тарафидан алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 28 ноябрда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-қарорининг қабул қилиниши мазкур ижтимоий ҳаракат тараққиётида янги босқични бошлаб берди.

Шу билан бирга, мазкур қарор билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг ташкилий тузилмаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси маъқулланди.

2003 йил 17 январдаги федерациянинг III таъсис конференцияси Қорақалпоғистон Республикаси Федерацияси, Тошкент шаҳри ҳамда республиканинг 12 вилоятидаги ҳудудий бирлашмаларни бирлаштирди.