Жаҳон танловининг энг зўр миллий либоси Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига топширилди

Дунё миқёсида асосий тўртта “Энг зўр миллий либос”, “Дунё гўзали”, “Коинот гўзали” ва “Ер гўзали” танловлари халқаро жамоатчиликнинг эътиборини ўзига жалб этади. “Энг зўр миллий либос” халқаро танлови илк бор 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, 2022 йил 13 декабрь куни Япониянинг Токио шаҳрида ушбу танлов 60-марта ўтказилди ва унда ўзбекистонликлар илк бор қатнашди.

Эътиборлиси, дунёнинг 66 нафар гўзали беллашган мазкур танловда юртимиз вакили Нигина Фахриддинова илк бор паранжи либосида иштирок этиб, “Энг яхши миллий либос” мукофотини қўлга киритган эди.

Мазкур либос “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига туҳфа қилинди. Шу муносабат билан университетда либоснинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят туризм бошқармаси мутасаддилари, Туркия Республикасининг Самарқанд шаҳридаги бош консуллиги масъуллари ва университет ўқитувчилари иштирок этди.

Мазкур либос нафақат ўзбек аёлининг миллий кийими, балки Турк дунёсига оид миллий дурдона асарлардан бири, - дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор Жўлибой Элтазаров. - Унда халқимиз маданияти, урф-одатлари акс этган. Университетимизда Турк дунёсига оид миллий либослар галерияси бўлиб, ушбу либос ҳам улар қаторидан жой олди.



- Паранжи ўзбек аёлининг миллий либосларидан бири ва бу кийим мен учун дунёда тенгсиз, - дейди “Энг зўр миллий либос” халқаро танлови ғолибаси Нигина Фахриддинова. - Буни амалда исботлаш ва оммага тақдим учун либосни яратиш ғояси устида 3 ой ишладим ва дизайнер Бахтинур Ҳусанов билан биргаликда миллий нақшлар билан безатдик. Ушбу халқаро танловда илк бор иштирок этган бўлсак-да миллий кийимларимиз дунё моделирлари эътиборига тушди ва эътироф этилди. Либоснинг оғирлиги 30 килограмм бўлиб, шиша тош ва зар иплар билан безатилган. Самарқанд тарихий шаҳар ва сайёҳлар оқими ҳам кўп. Шу боис паранжини Турк дунёсига оид миллий либослар галериясига топширдик. Либос галерияда шоҳ асарлардан бири бўлиб қолишига ишонамиз ва сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.