Жалолиддин Мангубердининг жияни Султон Сайфиддин Қутуз ҳақида эшитганмисиз?

Сайфиддин Қутузнинг онаси Жалолидди Мангубердининг опаси бўлган. Қутуз Хоразмшоҳлар авлодидан эди. У мўғуллар томонидан йўқ қилинган Хоразмшоҳлар давлатининг шаҳзодаси бўлган. Жалолиддиннинг мўғулларга қарши курашини, улар қўлида асир тушишини истамасдан, ўз яқинларини чўктиришга мажбур бўлган тоғасининг оҳу-фарёдига гувоҳи бўлган. Сувга ғарқ бўлаётган яқинларининг фарёди Қутузнинг бир умр ёдида муҳрланиб қолган. У мўғуллардан ўч олишга қасам ичган, сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди билан биргаликда юрт кезган ва мўғулларга қарши кўплаб жангларда иштирок этган...

Бироқ тоғасининг фожиали ўлимидан сўнг Қутуз Дамашқнинг қул бозорида сотиб юборилди. Дамашқда у мамлуклар қўшинига хизмат қилиш учун Миср султони Ас-Солиҳ II хизматига мисрлик қул савдогари томонидан сотиб олинди.

Қутуз мамлуклар мактабида таълим олди ва ҳарбий санъат сирларини ўрганди. Собиқ қул мамлуклар қўшинида катта амир даражасига етди. Тахтга султон Ойбек келганидан сўнг Қутуз Миср султони ноиби лавозимига кўтарилди.

Миср султони Ойбекнинг вафотидан сўнг тахтга унинг 15 ёшли ўғли Ал-Мансур Али ўтирди. Бироқ ҳукумат Ал-Мансур Алининг васийси бўлган Қутузнинг қўлида эди. Хоразмшоҳлар авлоди бўлган Қутуз, Миср қўшини бош саркардаси лавозимини эгаллади.

Кунларнинг бирида Қутузнинг ҳузурига чопар келди ва саркардага хат тутқазди. Саркарда хатни ўқиб тугатмасидан саркарданинг кўзлари намланди. Сабаби Қутузга 1258 йилнинг февраль ойида мўғул хони Хулагунинг қўшини ислом олами маркази Боғдодни забт этганлиги. Мўғуллар Боғдод халқини қириб, шаҳарни вайрон қилгани ва Аббосийлар ҳукмдори ва мусулмонлар ҳалифи Ал-Мустасим Биллаҳ оиласи билан қатл эттирилгани ҳақида хабар келганди.

Қоҳира бўйлаб мўғулларнинг ваҳшийликлари ҳақида турли хабарлар тарқала бошлади. Халойиқнинг Шом шаҳарлари мўғулларга таслим бўлганига ишонгиси келмасди. Мисрликлар мўғул қўшини ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб, ваҳимага туша бошлашди. Мўғуллар қирғинидан Мисрга қочиб келган шомликлар бўлган воқеаларни шунчалик даҳшатли таърифлар эдики, оқибатда қоҳираликлар мўғуллар Мисрга келиши билан уларга қаршиликларсиз таслим бўлишга тайёр аҳволга тушиб қолишди. 

Қутуз чуқур ўйга толди. У мўғулларнинг нималарга қодир эканлигини ва уларни енгиш мумкинлигини ҳам жуда яхши биларди. Чунки тоғаси Жалолиддин мўғулларни бир неча маротаба мағлуб эта олган эди. Ўшанда мусулмонлар ўртасида юзага келган ички низо туфайли тоғаси кам сонли қўшин билан, қудратли мўғул қўшинига қарши ёлғизланиб қолганди...

Ҳозирчи, айни вақтда вазият қандай? Миср султони ҳали ҳеч нарсага қодир бўлмаган, эндигина 15 ёшга тўлган бола - Ал-Мансур Али мўғулларга қарши чиқолмасди ва ислом оламининг сўнгги кучли давлати бўлган Миср ҳам мўғуллар томонидан забт этилиши арафасида турарди. Узоқ мулоҳаза юритиб, Қутуз ёш султон Ал-Мансур Алини тахтдан олиб, ўрнига ўзи султон бўлишга қарор қилди. Қутузга бу қарорга келиш осон бўлмади. У фақат шу йўл билан Мисрни ва бутун ислом оламини сақлаб қолиш мумкинлигини яхши биларди.

Қутузнинг тахтга ўтириши учун Миср амирларининг розилиги керак эди. Бироқ амирларнинг кўпчилиги бунга рози бўлмасди. Шу сабабли 1259 йил 12 ноябрда амирлар Қоҳирадан ташқарига овга кетганларида Қутуз ёш султонни тахтдан йиқитди. Ёш амир, унинг онаси ва укаси саройлардан бирига жойлаштирилди. Уларни сиёсатдан бутунлай четлаштириб, Қутуз ўзини султон, деб эълон қилди. Қутуз тарафдори бўлган амирлар зудлик билан янги султонга қасамёд қилдилар. Бироқ овдан қайтиб келган амирлар Қутузнинг бу қилмишига қарши бўлишди. Амирлар томонидан билдирилган қаршиликларга жавобан янги султон мўғуллар енгилганидан сўнг тахтдан воз кечишга ваъда берди ва ўзини Хоразмшоҳлар авлодидан бўлгани, шу сабабли султон бўлишга лойиқ эканлигини, буюк Хоразм учун мўғуллардан албатта, қасд олажагини таъкидлади. Қутузнинг оташин сўзларини эшитган, ғазабланган амирлар тинчландилар ва уни султон, деб тан олдилар.

Бу орада мўғул қўшини Шом шаҳарларини вайрон қилишда давом этарди. Дамашқ, Боғдод, Алеппо бирин-кетин мўғул қўшинига таслим бўлди. Мўғулларга ҳеч ким муносиб қаршилик кўрсата олмасди, барчани қўрқинч ва ваҳима эгаллаб олганди.

Навбат Мисрга ҳам етиб келди. Қутуз мўғуллар хони Хулагудан таҳдидли хат олди. Унда шундай ёзилган эди: “Сизлар, сизлардан илгари бизларга қарши чиққан мамлакатларнинг бошига не кунлар тушгани ҳақида фикрланглар. Биз қандай қилиб ўлкан салтанатни барпо этганимиз ва ер юзини тартибсизликлардан қай тарзда тозалашимиз ҳақида биласизлар. Биз ўлкан ҳудудларни босиб олдик ва кўплаб инсонларни ўлдирдик. Сизлар бизнинг даҳшатимиздан қочиб қутула олмайсизлар... Бизнинг отларимиз тезкор, бизнинг камонларимиз учқир, бизнинг қиличларимиз яшин уриши кабидир. Бизнинг юракларимиз қўрқмас, бизнинг аскарларимиз қум каби кўп. Қалъалар бизни тўхтата олмайди, қўл билан бизларни енгишнинг иложи йўқ. Худоингизга қилган илтижоларингиз сизларни қутқара олмайди. Бизни кўз ёшларингиз ва оҳу нолаларингиз ҳам тўхтата олмайди. Фақатгина биздан ҳимоя сўраганлар ва бизга тобе бўлганларгина омон қоладилар. Уруш олови шаҳрингизни кул этмасидан жавобингизни тезлаштиринг”.

Қутуз жавобни узоқ куттирмади. У мўғул элчиларининг бошларини танасидан жудо қилдириб, Қоҳира ва Баб Зувейла шаҳарлари дарвозаларига осиб қўйдирди.

Хоразм, Боғдод ва Сурия қулаганидан сўнг Миср ислом оламининг Яқин Шарқдаги ягона умиди эди. Шу тариқа ислом ва ҳатто ғарбдаги насронийларнинг келажаги ушбу уруш натижасига боғлиқ эди.

Миср қўшинининг сони қанча бўлганлиги аниқ эмас. Р.Ирвиннинг фикрига кўра, Қутуз қўшини 100 минг аскар атрофида бўлган. Бироқ Қутуз аскарларининг асосий қисмини тажрибасиз ажнад жангчилари ва туркман кавалерияси ташкил этарди. Шунингдек, Миср султони қўшини сафига, мўғуллар таъқибидан Сурияга сўнг Мисрга қочиб келган шахразур-курдлар ва айюбийлар султони Ал-Мансур келиб қўшилди. Араб манбааларида таъкидланишича, жангда Миср қўшини порохли замбараклардан ҳам фойдаланган.

1260 йилнинг 3 сентябр кунида икки қўшин Айн-Жалут кенглигида тўқнашди. Мамлуклар (мисрликлар) жанг бўлаётган ҳудудни яхши билишарди. Қутуз бу устунликдан фойдаланишга қарор қилди ва қўшиннинг катта қисмини тоққа яширди. У мўғулларни тоғ ҳудудига олиб бориб, пистирмадан ҳужум қилишни режалаштирди. Мўғулларни пистирма томон Бейбарс бошчилигидаги оз сонли қўшин олиб бориши зарур эди.

Мўғуллар қўшини ва хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили Қутуз бошчилигидаги қўшин ўртасида аёвсиз жанг бошланди. Бейбарс ўйланган режани амалга ошириш учун мўғул қўшинини ҳужумга ўтишга ва ўзини таъқиб қилишларига қуйиб бериши керак эди. Мўғул қўшини навбатдаги шиддатли ҳужум уюштирган вақтда Бейбарс ва унинг одамлари вазиятдан моҳирона фойдаланиб, “чекина” бошлади. Шижоатли мўғулларнинг бош саркардаси Китбуға ўз аскарлари билан Бейбарсни у хоҳлаган жойга таъқиб этиб, қувиб кетди. Китбуға улкан хатога йўл қўйган эди. Мўғуллар Бейбарс ва унинг одамларини таъқиб этиб, тоғ ёнига етиб келганида камон ўқлари ёмғири остида қолиб кетди. Сўнг мўғул қўшинини Қутуз аскарлари ўраб олди.

Мўғуллар ва мамлуклар ўртасида шиддатли кураш бошланди. Китбуға аскарлари қуршовдан ёриб чиқишга ҳаракат қиларди ва улар бунинг деярли уддасидан чиқдилар ҳам. Бироқ Қутуз томонидан уюштирилган сўнгги ҳужум мўғулларнинг мағлубиятига сабаб бўлди.

Мўғулларнинг энг қудратли саркардаси Китбуға ушбу жангда ҳалок бўлди. Айрим манбаларда уни дастлаб асир олинганлиги, сўнг қатл эттирилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.

Китбуғанинг ҳалок бўлиши мўғуллар ўртасида оғир тушкунликни вужудга келтирди. Бўлиб ўтган жанг Қутуз жангчиларига руҳий устунлик ҳадя этди. Мўғул қўшинининг енгилмаслиги ҳақидаги афсона ва ривоятларга барҳам берилди. Қутуз бутун инсониятга, мўғуллар ҳам оддий одам эканлигини ва улар ҳам енгилишини исботлаб берди.

Қутуз аста-секинлик билан мўғулларни Шом шаҳарларидан чекинишга мажбур қилди. Сурия Қутуз назоратига ўтди. Миср султони бирин-кетин Шом шаҳарларида тинчлик ва фаровонлик ўрнатди.

Хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили, асли хоразмлик бўлган шоҳ авлоди, Миср султони Қутуз, “Мўғуллар ғолиби” номи билан тарих зарварақларидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.