Манзил колонияда тиббий кўрик ўтказилди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Паст Дарғом туманида жойлашган 37-жазони ижро этиш манзил колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Минтақавий вакил ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тиббиётчилар гуруҳи муассасада жазо муддатини ўтаётган шахсларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан қизиқди,. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрикда манзил колония ва шартнома объектларидаги 226 нафар маҳкум ва маҳкумалар ўнга яқин мутахассислар томонидан текширилди, лаборатория таҳлиллари амалга оширилди ҳамда саломатлигининг ҳолатига қараб тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

– Ташриф давомида колонияда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг яшаш шароити, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш тартиби, гигиеник воситалар билан таъминланиши каби ижтимоий-маиший ҳолатлар ҳам мониторинг қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов. – Шунингдек, Ургут тумани Жартепа қишлоғида жойлашган шартнома объектларига, яъни маҳкумалар ишлаётган ишлаб чиқариш цехлари, касб-ҳунар масканларидаги шароит билан танишдик, уларга иш ҳақи тўланиши ва иссиқ овқат билан таъминланиши ҳолати ўрганилди. Бундан ташқари, муассасада қабул уюштириб, маҳкум ва маҳкумалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказдик, уларнинг мурожаатларини тингладик.

Мониторингда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан калония маъмуриятига тегишли тавсиялар берилди.