Жамоат транспорти: автобуслар йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатяптими?
Вилоят транспорт бошқармаси ташаббуси билан аҳолига жамоат транспорти хизматини кўрсатувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Журналистлар дастлаб “Самарқандйўловчитранс” давлат корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхона “Яшил шаҳар” лойиҳасига асосан 100 дона экологик хавфсиз бўлган электробус келтириб, аҳолига жамоат транспорти хизматини ташкил этган. Ҳозирча уларнинг 6 таси шаҳарнинг ички йўналишларида ҳаракатланмоқда. Европа тараққиёт ва тикланиш банки маблағи ҳисобидан Самарқандга келтирилган электробуслар учун 3 та зарядлаш колонкаси ишлаб турибди.
- Электробусларимиз М-1, яъни “Темирйўл вокзали – Самарқанд халқаро аэропорти” йўналиши бўйлаб кунига 8 марта қатнаб, 1000 нафарга яқин йўловчини ўз манзилига етказиб қўймоқда, - дейди “Самарқандйўловчитранс” давлат корхонаси бош муҳандиси Абдукарим Саматов. – Йил якунигача яна 94 та электробус ва 50 зарядлаш ускуналари келтириш режамиз бор. Айни пайтда 40 га яқин тажрибали ҳайдовчини синовдан ўтказиб, ишга қабул қилганмиз. Электробусларни ишлаб чиқарган хитойлик ҳамкорларимиз томонидан улар замонавий транспорт воситаларидан фойдаланиш сирларини ўрганиб бормоқда.
- Бир неча йил хорижда шаҳар йўналишларида автобус ҳайдаб, тажриба орттирганман, - дейди электробус ҳайдовчиси Жўрамурод Ҳожиев. – Йўлларимиз бироз торлигини айтмасак, йўналиш жуда қулай, йўловчилар ҳам ўзларини яхши ҳис қилмоқда. Кунига 650 минг сўм нақд пул тушумидан ташқари электрон ҳисоб (АТТО)да ҳам пул тўловлари қилинади.
Корхонада ҳайдовчиларнинг йўлга чиқиш олдидан тиббий, жамоат транспортларининг эса техник кўрикдан ўтишлари учун барча шароитлар яратилган.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари “Мароқанд транс 777” МЧЖ автосаройида бўлиб, бу ерда ҳайдовчиларга яратилган шароитлар, автобус саройи фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жамият таъсисчиси Ф.Жўраев корхонага Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган 100 дона автобуснинг техник жиҳатлари, йўловчи ташишдаги имкониятлари ҳақида сўзлади.
Янги ташкил этилган корхонада 120 нафар ҳайдовчи, 40 нафар техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар фаолият кўрсатади. Уларнинг ишлаш ва дам олишлари учун кўркам бино қурилди.
- Автобусларимиз ҳар куни эрталаб соат 6:00 дан бошлаб 11 та йўналишлар бўйича йўлга чиқишади, -дейди корхона директори Фарҳод Норқораев. – Улар бир кунда 60 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади.
- Янги автобусларда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчиларга ҳам қулайлик яратилган, - дейди ҳайдовчи Аҳмад Мамадалиев. – 13 йилдан кўпроқ жамоат транспорти тизимида ишлаган бўлсам, ҳали бирортасида бунақа шароит кўрганим йўқ. Йўловчилар ҳам мамнун, тушаётганида раҳмат айтиб кетишади. Ойлик маошларимиз ҳам кам эмас. Кунига мингдан зиёд йўловчи ташийман, қилаётган ишимдан ўзим ҳам хурсанд бўламан.
“Мароқанд транс 777” МЧЖ раҳбарининг таъкидлашича, хитойлик ҳамкорлар билан яна 37 миллион доллар эвазига 250 та автобусга шартнома қилишган. 2024 йилда яна 150 та электробус ва 100 та газ билан ҳаракатланувчи автобуслар олиб келинади.
Пресс-тур давомида транспорт соҳаси мутасаддилари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.