Жазирамадан сақланиш учун нима қилиш керак?

Ҳаммага маълум, лекин жуда зарур тавсиялар

1. Энг аввало, табиий матодан бўлган, ҳаво ўтказувчи кийимларни кийинг. Чунки улар терининг нафас олишига имкон беради ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишидан сақлайди. Либос ва бош кийимлари ранги ҳам асосан оқ ёки оч тусдаги бўлгани маъқул. Қора ранг офтоб нурларини яхши сингдиради.

2. Ёнингизда доимо ичимлик суви бўлсин. Бироқ у муздай бўлмаслиги лозим.

3. Иложи борича тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланишга ҳаракат қилинг.

4. Иссиқ кунда бош кийим кийишни канда қилманг.

5. Қуёш нури 12:00 дан 16:00 гача жуда кучли бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқмаганингиз маъқул. Аммо вазият шуни тақозо этса, тананинг очиқ қисмларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг. Соябон, кўзойнак ҳам қуёш нурларидан яхши ҳимоя қилади.

6. Тез бузиладиган егулик маҳсулотларини харид қилмаганингиз маъқул. Чунки иссиқ ҳароратда бактериялар жуда ҳам тез кўпаяди. Бу эса заҳарланишга олиб келиши мумкин.

7. Иссиқда декоратив косметикадан камроқ фойдаланинг. Чунки сунъий косметик воситалар юз терисининг нафас олишига халал беради, натижада юзимиз қизиб кетишига олиб келади.

8. 25 даражадан юқори бўлган ҳароратда фаол спорт турлари билан шуғулланманг.

9. Бундай об-ҳавода ички хотиржамликни сақлай олиш жуда муҳим. Ҳар қандай таъсирланиш тана ҳарорати ортиши ёки офтоб уриши хавфини оширади.

10. Ёзда турли компанияларда ишлайдиган ходимлар асосан кондиционерлар туфайли шамоллаб қолишади. Чунки ташқаридаги ва офисдаги ҳарорат фарқи жуда катта. Иссиқ ва совуқ ҳароратнинг ўзаро кескин алмашиши нафақат шамоллаш, балки ўпка касали – зотилжамга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис кондиционер яқинида узоқ ўтирманг.

Жазирамада нима ичиш керак?

Иссиқ об-ҳавода организмдаги сув баланси бузилади натижада у кўп намлик йўқотади. Шу туфайли жазирамада кунига камида 3 литр суюқлик истеъмол қилиш лозим.

Ёз кунлари чанқоқни олча, смородина, клюква ва бошқа нордон мевалардан тайёрланган морс, ичимликлар ва лимон шарбати қўшилган сувлар босади.

Жазирамада чанқоқни қондиришга ёрдам берадиган яна бир ичимлик – бу квас.

Бундан ташқари, лимон солинган янги дамланган кўк ёки қора чой ҳам тавсия қилинади.

Ёз кунлари яхшиси қаҳвадан воз кечган маъқул. Чунки у жазирамада чарчоқни оширади. Кўринишидан чанқоқбосди ҳисобланган ширин газли ичимликлар ҳам худди шу қаторда.

Шунингдек, муз солинган ичимликларни ҳам ичиш мумкин эмас, чунки улар томоқ оғришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, муздек ичимликлар ички аъзоларни ҳаддан ортиқ совитиб, қон айланишини кучайтиради ва тана ҳарорати кўтарилади.

Иссиқ об-ҳавода спиртли ичимликларни эса унутиш керак. Алкоголь организмнинг сувсизланишига олиб келади.

Жазирамада нима истеъмол қилиш лозим?

Бундай кунда, энг яхшиси, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш керак.

Турли салатлар, сабзавотли таомлар ҳамда яхна шўрвалар ҳам айни муддао. Бодринг, тарвуз, қовун, нордон-ширин мевалар, сельдерей кўкати чанқоқ босди егуликлардир.

Жазирамада жуда ёғли ва шўр таомлардан тийилган маъқул. Яхна ичимликлар ҳамда овқатларни меъёрида истеъмол қилиш лозим. Ёзда нисбатан камроқ ейиш керак, бироқ бу тўлақонли таом бўлиши шарт. Яъни барча витаминларга бой озуқаларни меъёрида истеъмол қилинг.