Жефф Хилл: Самарқанд ҳақида эшитганларимнинг ҳаммаси рост, у мен тасаввур қилганимдан ҳам гўзалроқ экан

Британиянинг оммабоп «Mirror» газетада «Босқинчилик, вайронагарчилик ва унитилишига қарамай, Самарқанд ҳамон гўзаллигича қолмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мақола  ушбу  газета колумнисти ва машҳур сайёҳатчи Жефф Хилл томонидан Ўзбекистонга амалга оширган ижодий  сафар асосида ёзилган. «Самарқанд ҳақида эшитганларимнинг ҳаммаси рост, бир нарсани ҳисобга олмаганда: у мен тасаввур қилганимдан ҳам гўзалроқ экан», дея таъкидлайди британиялик  сайёҳ  журналист.  

Мақолада Самарқанд тарихи, маданий мероси, ушбу  қадим кентнинг  Буюк ипак йўлида тутган ўрни ва Александр Македонский давридан ҳозирги кунгача бўлган қиёфаси  батафсил   таҳлил қилинган. «2016 йилдан кейин Президент Шавкат Мирзиёев томонидан хорижлик сайёҳлар учун яратилган кенг шароитлар  натижасида Ўзбекистон  чет элликлар учун ўз  дарвозасини қайта очди. Хусусан, Самарқандда янги  қурилган  «Боқий шаҳар» мажмуаси қадимий шаҳардаги  муҳим  жойлардан  бирига  айланиш  боробарида, Марказий Осиёдаги энг йирик сайёҳлик маркази ҳамдир», деб  қайд этади  Жефф Хилл.  

Муаллиф таъкидлаганидек, Регистон майдони XV-XVII асрларда қурилган мадрасалар билан фалсафа, астрономия, математика ва илоҳиёт илмларини ўрганадиган буюк марказ бўлган.  Нашрда  қайд этилганидек, Самарқанд  шаҳридаги Гўри Амир мақбараси буюк зотлар, жумладан, империяси Ҳиндистондан Истанбулгача ва Шимолий Африканинг аксарият қисмини қамраб олган Амир Темур ва  Темурийлар хилхонаси ҳисобланади.  

«Самарқандда ҳунармандчилик жуда  ривожланган, бежирим ипакдан  тўқилган гилам ва кийим-кечаклар, мис, олтиндан  ясалган тақинчоқлар, кулолчилик буюмлари, пичоқ ва тут дарахтидан тайёрланган қоғоз муҳташам Самарқанднинг ажралмас қисмидир», деб ёзади «Mirror».      

ЎзА