Жисмоний шахс вафот этса солиқ қарзи қандай ундирилади?
Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 52-моддасига мувофиқ, вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти меросхўри (меросхўрлари) томонидан, мероснинг қиймати доирасида ва меросдаги улушга мутаносиб равишда, мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмасдан бажарилади. Вафот этган жисмоний шахс тўлаши лозим бўлган пеня ва (ёки) жарималарни меросхўрга нисбатан татбиқ этилмайди.
Вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи суммаси мерос қилинган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзининг қолган суммаси умидсиз қарз, деб эътироф этилади.
Меросхўр бўлмаган тақдирда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи умидсиз қарз ҳисобланади. Солиқ қарзи Вазирлар Маҳкамасининг “Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудий давлат солиқ инспекцияси раҳбарининг қарори билан (фуқаронинг ўлим гувоҳномасини илова қилинган ҳолда) ҳисобдан чиқарилади.