Жомбой тумани ҳокими: Мансабдорсизу яхши инсон бўлмасангиз, халқ сизни ҳурмат қилмайди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши дастурига кўра, жойларда ўқувчи ва талабаларни давлат ҳокимияти, бошқарув органлари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар” учрашувларини ташкил этиш белгиланган.

Жомбой туманида ҳам бу борада аниқ режа ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида олти маротаба “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Мулоқотларда 1200 нафар ўқувчилар иштирок этган.

Фарзандларимизнинг кўнглида раҳбарларга айтмоқчи бўлган гапи, таклифи бўлиши тайин. Хусусан, жомбойлик ёшлар томонидан шу кунгача туман ҳокимлигига 180 та таклиф ва муаммо айтилган. Уларнинг 178 таси ўрганилиб, ҳал этилган.

Шундай учрашув 7-умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди. Туман ҳокими иштирокида ўтган тадбирда ўқувчиларнинг келажакдаги орзулари, китобхонлик, одоб-ахлоқ каби мавзуларда фикр алмашилди. Ҳ.Тўйчиев ўқувчиларга ўзининг ўқувчилик йиллари ҳақида сўзлаб берди.

– Ҳаётда муҳими, катта лавозимларда ишлаш, амалдор бўлиш эмас, – деди ҳоким. – Асосийси, яхши инсон бўлиш керак. Орамизда шундай одамлар борки, машҳур бўлмаса ҳам уни эл-юрт, қишлоқдошлари қадрлайди, ҳурмат қилади. Демак, ўша киши яхши инсон. Жамиятга фойдаси тегади. Халқ уни эъзозлаши шундан. Агар машҳур, бой-бадавлат ёки катта мансаб эгаси бўлсангизу яхши инсон бўлмасангиз, халқ сизни ҳурмат қилмайди. Шунинг учун биринчи навбатда яхши одам бўлишга, қайси соҳада бўлмасин, жамиятга керакли инсон бўлиб етишишга ҳаракат қилинг.

Шу кунларда “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилиши режалаштирилмоқда.