Жомбойда 26 та янги хонадон ўз эгаларига топширилди

Кеча, 20 декабрь куни Жомбой тумани Узуновул массивида қурилган кўп қаватли уйларнинг 26 та замонавий хонадони ўз эгаларига топширилди.

Ўн йилки, мамлакатимизда намунавий уй лойиҳаси асосида турар-жойлар бунёд этилмоқда. Бунинг самарасида ўтган давр мобайнида минглаб эҳтиёжманд фуқаролар ўз яшаш жойига эга бўлди. Ҳар томонлама қулай, жаҳон стандартларига мос шундай уй-жойлар туманнинг Узуновул массивида ҳам қисқа фурсатда қуриб битказилди.

Хонадонларни фойдаланишга топшириш маросимида меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирок этди.

Кўп қаватли турар-жойдан кенжа ўғлига уй олган Фотима Довурованинг ҳам қувончи чексиз.

– Уч фарзандим билан бир уйда яшардик, – дейди онахон. – Ҳокимлик вакилларига қилган мурожаатимиз ўрганилди, шароитимиз ҳисобга олинди ва имтиёзли шартлар асосида уй беришди. Халқпарвар сиёсат юритаётган барча раҳбарларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Г.Алимова ҳамда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.