Жомбойнинг бир қатор маҳаллаларидан ҳам Самарқанд шаҳрига автобус йўналиши тикланди

Аввалроқ Тойлоқ туман марказидан Самарқанд шаҳрининг Ҳазора бошбекатигача автобус қатнови йўлга қўйилгани ҳақда хабар берилганди. Вилоят транспорт бошқармаси хабарига кўра, Жомбой туманининг бир қатор маҳаллаларидан ҳам Самарқанд шаҳрига йўналиш қайта тикланган.

“Бундан бир йил муқаддам, 2022 йилнинг март ойига қадар Жомбой туманининг Нўш, Тўққизбой, Тут маҳаллалари аҳолиси жамоат транспортидан фойдаланар эди. Бироқ, турли хил сабаблар билан ҳудудни Самарқанд шаҳри билан боғловчи йўналишдаги автобуслар ҳаракати тўхтаб қолган. Бунинг оқибатида ҳудудда транспорт муаммоси келиб чиқиб, йўл кира нархларининг сезиларли даражада ошиб борганлигини аҳолининг мурожаатларидан билиб олиш мумкин. Эндиликда мазкур йўналиш қайта тикланди”, дейилади бошқарма хабарида.

Йўналишдаги автобуслар ҳаракати Самарқанд шаҳридаги Сиёб бозори орқали Шоҳи Зинда автобошбекатида якунланади. Йўналиш узунлиги 18 километр бўлиб, йўл кира нархи умумий масофага 3000 сўмни ташкил қилади.