Жомбойнинг “Обод қишлоқ”лари

Жомбойнинг Қўлбости қишлоғи туман марказидан 20-23 километр олисда, дашт ҳудудда жойлашган. Бошқа туманлардаги қишлоқлар билан қиёслаганда марказдан унча олис эмас. Аммо эътибор қаратилмаса, инфратузилма яратилмаса, масофанинг ҳам аҳамияти йўқолар экан.
< class='video-wrapper'>
Қўлбостида ҳам шу пайтгача шароит бошқача эди. Одамлар яхши турмуш кечиришининг асоси бўлган ичимлик суви, йўл, электр энергияси таъминоти, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масалаларида муаммолар тўпланиб қолганди. Таълим ва тиббиёт муассасалари фаолиятида ҳам камчиликлар кам эмасди.
Бу йил “Обод қишлоқ” дастурига таклиф сўралганда туман раҳбарлари-ю депутатлар, жамоатчилик Қўлбости ва Ногаҳон маҳалласидаги Қўзигузар қишлоқларини танлашди.
Эрта баҳордан ушбу қишлоқларда қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошланди.
Қўлбостидаги ишлар шу пайтгача тайинли биноси бўлмаган маҳалла учун марказ қуришдан бошланди ва бу иш қисқа фурсатда бажарилди.
Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини учун хоналар билан бирга кутубхона, новвойхона, кичик тикувчилик цехи ташкил этилди.
Қишлоқдаги 212 та хонадоннинг ҳар биридаги шароит ўрганилиб, бу ҳовли-жойларга таъмирлашга ёрдам кўрсатилди. Иккита эҳтиёжманд, ижтимоий оғир шароитдаги оила учун уй-жой қуриб берилди. 9 оилага қурилиш материаллари ажратилди.
- Шунингдек, қишлоқдаги йўлларга тош-шағал тўкилди, марказий кўча асфальт қилинди. 1700 метр янги электр тармоғи тортилди, 65 та таянч устун ва 1 та янги трансформатор, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Қишлоқда ўтган аср саксонинчи йилларида ўрнатилган сув иншооти таъмирланиб, 7 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди. Аҳолига 135 та газ баллонлари тарқатилди.
Ҳа, дарвоқе, қишлоқда 3000 метр оптик толали алоқа тармоғи ҳам тортилдики, бу ҳудуд аҳолисининг замонавий алоқа хизматлари, интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.
Эътиборлиси, дастур доирасида бир қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари фаолияти йўлга қўйилди. Бу шохобчаларни маҳаллада “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган аҳоли имтиёзли кредит асосида ёки ҳомийлар кўмагида ташкил этди.
Қўлбости маҳалла фуқаролар йиғини учун қурилган бинода ташкил этилган тикувчилик цехида ҳам бугун қишлоқнинг ўндан ортиқ хотин-қизлари иш билан банд.
Маҳалла оқсоқолининг айтишича, йил бошида ҳудуддаги 32 оила “Темир дафтар”да, 63 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”да, 82 нафар йигит-қизлар эса “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган эди. Уларни камбағалликдан чиқариш, бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаига эга бўлиши учун кўрилган чора-тадбирлар туфайли ҳозиргача деярли барчаси белгиланган тартибда рўйхатдан чиқарилди.
Зилола Ўрозалиева ҳам “Темир дафтар”да қайд этилган оила бекаси эди. Қўлида тикувчилик ҳунари бор Зилолага тикув машинаси берилиб, маҳалла марказида ташкил этилган цехни бошқаришга таклиф этишди.
Ҳозирда Қўлбостида “Обод қишлоқ” дастури асосида сўнгги юмушлар амалга оширилмоқда. Яқин орада бу ишлар якунига етказилиб, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини қишлоқ аҳли обод масканда нишонлайди.
Шу каби юмушлар бугун туманнинг Ногаҳон маҳалласидаги Қўзигузар қишлоғида ҳам қизғин давом этмоқда.