“Жума деҳқон бозори”да нега одамлар гавжум?
Бугунги кунда юз бераётган воқеалар бутун дунёни ташвишга солаётгани сизу бизга ойдек равшан. Мамлакатимизда карантин эълон қилинганига қарийб уч ҳафтадан ошди. Ҳукуматимиз томонидан карантинга оид ҳуқуқий таъсир кучайтирилмоқда.
Давлат фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб, тиббиёт ходимлари аҳоли орасида вирус тарқалиб кетишининг олдини олишга уринаётган бўлса, оммавий ахборот воситалари туну кун шу мавзуда кўрсатувлар ва мақолалар тайёрламоқда. Фуқароларнинг уйида қолишини ва бу бало тарқамаслигининг олдини олиш бўйича барча ҳуқуқ-тартибот органлари тер тўкишаётир.
Аммо шунча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳамон туманларда аҳвол ачинарли. Масалан, Паст Дарғом туманидаги “Жума деҳқон бозори”да ҳали ҳам аҳоли гавжум. Автотранспорт воситалари қатновининг шашти пасаймаяпти.
Айримлар озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилаётган бўлса, баъзилар ҳали 10 ёшга тўлмаган фарзанди билан истироҳат боғида юргандек, сайр қилишмоқда.
Бозор назорати ходимларининг айтишича, туманларда деҳқон бозорларига ҳафтанинг ҳар куни бозор очиқ бўлишига рухсат берилган. Одамлар эса битта гугурт учун ҳам бозорга келмоқда. Ҳолбуки, қишлоқ дўконларида ҳамма нарса бор.
Республика миқёсида COVED-19ни юқтирган беморларнинг сони ўсиб бораётган бир пайтда, мана шунда эътиборсизлик, масъулиятсизлик нафақат бозор ва кўчаларда юрган инсонлар учун, балки уларнинг яқинларига ҳам катта мусибат олиб келиши ҳеч гап эмас. Айниқса, шаҳар кўчалари автомашиналардан тозаланган бир вақтда, туманларда автотранспорт воситалари аҳолига тинимсиз хизмат кўрсатмоқда.
Наҳотки, дунёнинг ривожланган мамлакатлари кўчаларида ҳам одамларнинг бемақсад юрганлари учун жиноий жавобгарликка тортилаётгани, бу каби тадбирлар мамлакатимизда ҳам фаол олиб борилаётганидан одамлар бехабар бўлса?
Шохруҳ ЖАЛИЛОВ.