Жума куни. (Бўлган воқеа)
Яқинда Мисрдан келган Убайдуллоҳ ясаниб, тараниб, оқ дўпписини кийиб, жума намозини адо қилиш учун уйидан чиқди. Машинага қўл кўтарди, аксига олиб, бирортаси тўхтамади. Намоз вақти яқинлашган сари бетоқат бўлаётган Убайдуллоҳ ўнг келган машинага қўл кўтараверди. Ниҳоят, битта қоп-қора, каттакон машина ёнига келиб тўхтади.
– Чиқ! – деди ҳайдовчининг ёнидаги киши орқа эшикни имлаб.
Убайдуллоҳ машинага ўтираётиб, эшикдаги ёзувга кўзи тушди: “Миллий гвардия”.
Убайдуллоҳнинг эсига отаси тайинлаган гап тушди: “Фалон-фалон машиналардан эҳтиёт бўл! Уларга минма!”.
Отаси узоқроқ бўлишни тайинлаган машиналарнинг ичида бу машина ҳам бор эди. Ичига бир совуқлик оралади. Устига-устак қоп-қора машинадаги иккала йигит ҳам қоп-қора кийинган, кўзларига ҳам қора кўзойнак тақиб олишган эди.
“Энди булар мени олиб кетишади, Мисрда нималарни ўқиганим, кимлар билан танишганимни сўрашади, энди нима дейман?” деб ўйлай бошлади Убайдуллоҳ.
– Қаёққа кетяпсан? – сўради ўтиришни буюрган йигит.
– Масжидга, жума намозига.
– Ҳм-м, – йигит Убайдуллоҳга бошдан оёқ разм солди. – Ёшинг нечада?
– Ўн тўртда...
– Ҳм-м, – деб қўйди йигит яна. – Намоз ўқишни биласанми ўзи?
– Қуръонни ёдлаганман, – деди Убайдуллоҳ секингина.
– Йўғ-э, – деб юборди олдинда ўтирган йигитлар.
Улар Убайдуллоҳга бошқатдан разм солишди.
– Қаерда ўргандинг? – сўради йигит, кўзидан кўзойнагини олиб.
Убайдуллоҳ нима деб жавоб беришни билмай қолди. Тўғрисини айтса, бошини оғритишлари, ота-онасини ҳам сарсон қилишлари мумкинлигини ўйлади. Аммо барибир ёлғон гапира олмади:
– Мисрда.
– Ўҳ-ҳў! – шеригига қараб қўйди йигит. – Қайси масжидга борасан?
– Имом Аъзам масжидига.
Ҳайдовчи машинасини бурди ва уни тезлатиб, бирпасда Убайдуллоҳ айтган масжидга етиб борди.
Убайдуллоҳ беш минг сўм пул узатди.
– Олиб қўй, пулинг керак эмас!
– Олинг, ака, опкелиб қўйдингиз-ку! Яна, сезишимча, ўзларингиз бошқа томонга кетаётган экансизлар.
– Ҳа, йўлимиз бошқа томонга эди, аммо пулинг керак эмас, – деди олдинги ўриндиқдаги йигит. – Дуо қил, бизнинг ҳам фарзандларимиз сенга ўхшасин!
Биқинига “Миллий гвардия” деб ёзилган, шер сурати чизилган машина бир зумда олислаб кетди.
Убайдуллоҳ дуога қўл очди:
– Шунақа яхши акаларимизни кўпайтир, Аллоҳим!
Каримберди Тўрамурод.