Журналистика эркин нафас олишни бошлади

"Оммавий ахборот воситалари давлат органлари билан халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Аслида, сизлар билан тез-тез учрашиб туришимиз керак ва бу барчамиз учун фойдали бўлади. Қанча кўп учрашсак, ечимсиз масалалар, жавобсиз саволлар камаяди. Мен ижтимоий тармоқлар орқали ҳам сизларни кузатиб, фикрларингизни ўқиб бораман. Раҳбарларнинг эшиги халқ учун, журналистлар учун доим очиқ бўлиши керак".

Яқинда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ўтказган учрашувида айтган ушбу гаплари йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида газетачилик касбини опичлаб юрган журналист сифатида мени ушбу мулоҳазани билдиришга ундади.

Чунки икки-уч йил бурун раҳбарларнинг юқоридаги каби ҳақиқатни тан олиши, айрим ташкилот ва идораларнинг, айниқса, давлат бошқаруви органларининг оддий халқ ёки журналистларга эшик очганига гувоҳ бўлиш амри маҳол эди.

Журналист иш фаолиятида қайсидир мутасаддининг қитиқ патига тегиб қўйгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлайдиган яқинлари орқали таъқиб остига олинган, қайсидир директорнинг давлат таълим муассасаси ҳовлисига мухбирни киритишни истамаган вазиятлар, қурилиш ташкилоти раҳбарининг "қўлингдан келса, отиб ташла", дея таҳдид қилган ҳолатлар кўп бўлган. Бу эса журналистда қўрқув, ишидан қониқмаслик, ўз навбатида маҳоратсизлик омилларини келтириб чиқарарди.

Аслида илгари ҳам ахборот олиш, журналистик фаолият ҳамда матбуот эркинлиги каби масалалар ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганди. Аммо бошқарув идораларида бунга амал қилинмасди. Жамиятга эркин фикрни ёйиш, халқнинг муаммоларини кўтариш, мавжуд муаммоларга жамоатчиликнинг нигоҳини жалб этувчи журналистлар эркка, эътиборга муҳтож эди.

Бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни, нуфузи ошяпти. Соҳада фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлашга оид жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Матбуотда, медиатармоқларда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайди.

Яқиндан журналистлар ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ва судлар раислари билан вилоятдаги ноқонуний қурилишларни муҳокама қилди. Шу пайтгача оммавий ахборот воситаларига айтилмаган маълумотлар берилди.

Дарвоқе, вилоят раҳбари туман ва шаҳар босма оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базаси, мазмун-моҳиятини яхшилаш борасида ҳам хайрли ишларни бошлади. Вилоят матбуоти тарихида камдан-камдан кузатилган, қурилиш, ободончилик йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига доир муҳим маълумотлар журналистларга ошкор қилинди.

Ҳоким таъбири билан айтганда, ҳар бир оммавий ахборот воситаси ўша ҳудуд раҳбарларининг, муассиснинг юзи. Ҳар битта мутасадди масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашиб, ўз фикри, ғояси, сиёсатини матбуот, телевидение, керак бўлса, ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этиши зарур. Бугунги давр журналистининг баландпарвоз гаплардан қочиб, ҳудуддаги реал ҳаётни кўрсатиш, танқидий-таҳлилий материаллар беришини тақозо этмоқда.

Аммо ҳали журналистиканинг чин маънода ривожланиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, ОАВнинг амалда "тўртинчи ҳокимият" даражасига етиши учун бир қатор муаммолар борки, уни енгиб ўтиш учун ҳали кўп тер тўкишимиз керак. Муҳими, бугун мамлакатимизда журналистика эркин нафас олишни бошлади.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.