Журналистлар ижодий уюшмаси журналист ва блогерларни касб этикасига риоя этишга чақирди
Ижтимоий тармоқларда тегишли давлат органлари рейд ўтказгани ва унда фоҳишабозлик билан шуғулланган аёл журналист томонидан сўроқ қилинган видео тарқалди.
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олим Ўсаров ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
"Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятнинг муҳим шарти сўз ва ахборот эркинлигидир. Бироқ бу журналист ёки блогер кўнглига келган ишни қилаверади, ёзаверади, дегани эмас.
Ижтимоий тармоқларни ларзага солган видеони кўриб (биз мазкур вазиятда аёлни, унинг қилмишини оқламоқчи ёхуд муҳокама қилмоқчи эмасмиз) қатор саволлар туғилди: микрофон кўтарган "мухбир" яланғоч ҳолатдаги аёлни камера қаршисида сўроққа тутиши қайси мезонга мос келади? Суд томонидан ҳали айбдорлиги исботланмаган аёлни фоҳишаликда айблаш журналист касб одоби ва қонун талабларига нечоғли мувофиқ? "Мухбир" ўзганинг мулки ҳисобланган уйга бостириб киришга, бундай ҳолатда сўроққа тутишга, тасвирга олишга ҳақлими? Ўзи савол бераётганидек, унинг фарзандлари, яқинлари шаъни ва қадр-қимматини унутмадимикан?..
Шуни қатъий қайд этамизки, журналистнинг жамият олдидаги масъулияти, касб одоби, фаолият талаблари, муҳими, мавжуд қонун-қоидалар бор ва журналист буни унутишга ҳақли эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасида қайд этилганидек, “Ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт”.
Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодексида белгилаб қўйилганидек, “Журналист... ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллардан фойдаланиш), шунингдек, ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмайди”.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси журналист ва блогерларни миллий ва халқаро қонунчилик, Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодексига риоя этишга, ким бўлишидан қатъи назар, шахснинг шаъни ва ҳуқуқларини поймол қилмасликка, фахш, зўравонлик ва инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан сақланишга чақиради".