@, #, &, ~ каби рамзлар нимани англатади?
Мустақил маънога эга бўлмаган барчамизга таниш бу таёқча ва чизиқчаларни ким ўйлаб топган, улар қандай пайдо бўлган?
Бугун кўпчилигимиз уларни кундалик ҳаётимизда қўллаб келадиган рамз ва белгиларнинг келиб чиқиши ҳақида сўз юритамиз.
«!» Ундов белгиси
Ундов белгиси «note of admiration» (ҳайрат белгиси) иборасидан келиб чиққан. Бир назарияга кўра, бу хурсандчиликни билдирадиган лотинча (Io) сўз бўлиб, биринчи марта 1553 йилда Лондонда нашр этилган фалсафий, диний сиёсий ва педагогик қарашлар ифодаланган “Эдвард VI нинг катехизми” китобида пайдо бўлган.
Кучукча ёки «@»
Ушбу белгининг келиб чиқиши номаълум. Анъанавий гипотезага кўра, у ўрта асрлардаги лотинча “ad” предлогининг “олдин”, “гача”, “дан” қўшимчаларини англатадиган қисқартмадир.
2000 йилда Рим университети профессори Жоржио Стабиле бошқа фаразни илгари сурди. У 1536 йилда флоренциялик савдогар томонидан ёзилган мактубда вино нархи кўрсатилган, гажак билан безатилган “А” - «@» ҳарфи билан стандарт амфора (кўзасимон идиш)лардаги суюқликнинг ўлчов бирлиги белгиланганини айтди.
Испан, португал, француз тилларида “@” белгиси анаънавий тарзда вазн ўлчови 11,502 килограммга тенг “арроба” сўзини англатади. “Арроба”нинг ўзи эса арабча “ар-руб”дан келиб чиққан бўлиб, чорак (1/4) деган маънони англатади.
Октоторп ёки диез «#»
Баъзи манбаларга кўра, ўрта асрлардаги картографик анъаналарда саккизта дала билан ўралган қишлоқ «octotherp» тарзида белгиланган. Бошқа маълумотларда рамз “Bell Labs” коммуникация соҳаси корпорацияси муҳандислари Дон Макферсон, Дуглас Керр ва Жон Шаак яратган ўйноқи неологизм бўлиб, у 1960 йилларнинг бошларида пайдо бўлган. 1991 йилда “Сўз тарихининг янги китоби” нашри «octotherp»нинг муаллифи сифатида телефон муҳандисларини ҳисоблашини ёзган.
Нуқтали вергул «;»
Қарама-қарши сўзларни ва қўшма гапларнинг мустақил қисмларини ажратиш учун фойдаланиладиган нуқтали вергул биринчи марта итальян матбаачиси Альдо Мануций томонидан жорий қилинган. Ҳатто Шекспир ҳам ўз сонетларида бу белгини ишлатган.
Амперсанд «&»
Бу рамз муаллифлиги Цицероннинг содиқ қули ва котиби Марк Туллий Тиронга тегишли. Тирон қулликдан озод қилинганидан кейин ҳам Цицероннинг матнларини ёзишда давом этган ва милоддан аввалги 63 йилга келиб, ўзининг ёзувларини тезлаштирадиган қисқартмалар тизимини ихтиро қилди. XI асргача ишлатилган “Тирон ёзувлари” ёки “Тирон белгилари”нинг асл нусхалари сақланмаган. Тирон, шунингдек, Рим стенографиясининг асосчиси ҳам ҳисобланади.
Юлдузча ёки астериск «*»
Бу ҳавола милоддан аввалги II асрда Византиянинг қадимги филологи Аристофан томонидан Искандария кутубхонаси матнларидаги ноаниқликларни изоҳ тарзида кўрсатиш учун жорий қилинган.
Тильда «~»
Қатор юқорисидаги Тильда кўпинча ўрта асрлар тез ёзувларидаги қатор усти ёки олдинги ҳарфнинг тепасида ёзилган “n” ва “m” ҳарфларидан келиб чиққан белгига мос келади, кейинчалик унинг ёзилиш шакли тўлқинли чизиққа айланган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.