Кадрлар соҳасига масъул раҳбарларнинг билим, тажриба ва салоҳияти қандай?
Самарқанд шаҳрида шу мавзуда ўқув-семинар ташкил этилди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Инсон ресурсларини бошқаришда долзарб вазифалар” мавзусидаги мазкур республика ўқув-семинарида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги марказий ва ҳудудий филиаллари масъул вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А.Бекмуродов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Ҳасанов, вилоят ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар мамлакатимизда кадрлар соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати, давлат бошқарув органларида профессионал, адолатли ва юқори натижадорликка хизмат қиладиган тизимни жорий қилиш учун маъмурий ислоҳотларнинг долзарблиги, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги янгиликлар, шунингдек, инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш йўналишидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Яқинда кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, замонавий раҳбар қиёфаси ва давлат хизматчиларига қўйилаётган талаблар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Семинарда давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари каби мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчиларининг шахсий ривожланишларини таъминлаш мақсадида малакали мутахассислар томонидан “Селф-менежмент: шахсий самарадорликни ошириш” ҳамда “Лидерлик ва самарали жамоани шакллантириш” мавзуларида семинар тренинг машғулотлари ўтказилди.
Муҳокама этилган мавзулар бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Конструктив руҳда ўтган ўқув-семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Самарқандга сафари давомида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти томонидан ҳудудий бошқармаларнинг кадрлар хизматига масъул раҳбар ва ходимлари иштирокида “Халқчил давлат хизматига очиқ йўл” мавзусида учрашув, Самарқанд давлат университети битирувчи босқич талабалари билан “Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш истиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот, шунингдек, “Келажак лидерлари” клубига аъзо ёш давлат хизматчилари, талабалар ҳамда вилоятнинг фаол, иқтидорли ёшлари билан давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирларда давлат бошқаруви, халқчил давлат хизмати, давлат хизматчиси, янги авлод захира кадрлари тушунчалари моҳияти ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб берилди. Бугунги кунда давлат хизматчисидан Ватанга садоқатли, ҳалол ва адолатли бўлиш, фидойилик билан халққа хизмат қилиш, ўзини мунтазам равишда ривожлантириб бориш талаб этилиши таъкидланди.
Семинарда соҳага оид қатор масалалар, муҳим мавзуларда тренинглар ташкил этилди. Фикр-мулоҳазалар алмашилди, зарур таклифлар ишлаб чиқилди.