Камбағаллар учун фақат қоғозда ер ажратилган
Бугун камбағалликни қисқартириш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш шу куннинг долзарб масалаларидан бири. Шу боис Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси мониторинг гуруҳи жойлардаги ҳолатни ўрганди.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг қатор туманларида бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишди. Ачинарлиси, Пайариқ тумани мутасаддилари тақдим этган маълумотда камбағаллар рўйхатида турувчи 20 фоиз фуқарога такрорий экин учун ер ажратилгани кўрсатилган. Аслида камбағаллик рўйхатида турувчи фуқароларга ер ажратилмаганлиги ойдинлашди.
Оқдарё, Иштихон ва Каттақўрғон туманларида эса мутасаддиларнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги туфайли амалий ишларга ҳалигача киришилмаган. Жумладан, Оқдарё тумани Галаравот маҳалласида яшовчи Қувончбек Исоқов оиласи кам таъминланганлар рўйхатига киритилган. Унинг оиласига ғалладан бўшаган майдондан 50 сотих ер майдони ажратилиши белгиланган. Афсуски, бу оилага иқтисодий аҳволини ўнглаш учун ҳалигача ер ажратилмаган.
Каттақўрғон туманида ҳам камбағалликни қисқартириш учун такрорий экинга ер ажратиш ишлари қониқарли даражада олиб борилмаган. Тумандаги 2 сектор ҳудудига қарашли Қиёт маҳалласи ўрганилганда ҳалигача камбағаллар рўйхатида турувчи фуқароларга такрорий экин экиш учун ер майдони ажратиб берилмагани аниқланди.
- Бизга маҳалла томонидан “Яшил водий” фермер хўжалигидан такрорий экинга мош экиш учун ер ажратилганлиги тўғрисида телефон қилиб сўрашди, - дейди шу маҳалладан яшовчи Марзия Мустафоева. – Аслида бизга ҳеч қандай ер ажратилмаганлигини айтдим. Маҳалладагилар эса фермерга учрашинглар, сизга ер ажратилган деди. Фермер эса унга кеч маълумот беришганини, такрорий экин учун ажратилган майдонларни тарқатиб бўлганини айтди.
Иштихон туманидаги ўрганишларда ҳам ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш учун камбағалларга ер ажратишда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани аниқланди.
Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси ахборот хизмати.