Kамчиликлар бартараф этилмоқда: ёлланма ишчилар фаолияти расмийлаштирилмоқда, норасмий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмоқда

2019 йил 8 июнда zarnews.uz сайтида "Тадбиркорга имконият ноқонуний фаолият юритиш учун берилмаган ёхуд солиқчилар вазиятга нега бепарво қараяпти?" сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда қайд этилган ҳолатлар Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Мақолада кўрсатилган ҳолатлар, афсуски, нафақат Каттақўрғон туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам учраб турибди. Баъзи ходимларнинг масъулиятсизлиги сабабли йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилиб, уларга қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилмоқда.

2019 йилда солиқ сиёсати ва солиқ маъмурчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида вилоят, туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда солиқ солиш объектларини аниқлаш ва солиқ базасини кенгайтириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ушбу даврда фаолиятини вақтинча тўхтатган 178 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тикланди. Фаолият турига мос келмайдиган гувоҳнома олиб, ҳақиқатда бошқа фаолият билан шуғулланаётган 162 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти ҳақиқатдаги фаолият турига мослаштирилди. 98 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 109 нафар ёлланма ходимлари расмийлаштирилди ва норасмий тадбиркорлик билан шуғулланаётган 529 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 1 январь ҳолатига якка тартибдаги тадбиркорлар 1 186 нафар бўлган бўлса, бу кўрсаткич 1 июнь ҳолатига 1 715 нафарни ташкил этмоқда. Юридик шахс мақомига (фермер хўжаликларидан ташқари) эга субъектлар сони 1213 та бўлса, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 1401 тани ташкил этиши ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни баҳолаб беради.

Шунингдек, тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 581 корхонада 3405 нафар норасмий ёлланиб ишлаётган фуқаро фаолияти қонунийлаштирилиб, уларга ҳар ойда даромад солиғига 240 миллион сўм солиқ ҳисобланиб, давлат бюджетига тушиши таъминланмоқда. 

Мақолада қайд  этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ўрганишлар натижаси бўйича оммавий ахборот воситаларига батафсил маълумот берилади.

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.