Камонгарондаги сув муаммосига ечим топилган, уни лойқалатишдан ким манфаатдор?

Хорижда фаолият юритувчи Eltuz.com порталининг телеграм-каналида “Камангарон” қишлоғи нидоси, ёхуд Б.Матлубовнинг кирдикорлари” деб номланган мурожаат эълон қилинди. Ургут туманининг Камонгарон маҳалласи аҳли номидан ёзилган ушбу мурожаат беихтиёр эътиборингизни тортади. Боиси, бир неча йиллар мобайнида Камонгарон ва қўшни Вағашти қишлоқлари ўртасида мавжуд бўлиб келган ва Президентимиз ташаббуси билан ҳал этилган сув билан боғлиқ можароли муаммолар ҳақида эшитгансиз, албатта.

Мурожаатда иддао қилинишича, гўёки асли Вағашти маҳалласидан бўлган юқори лавозимли амалдорлар, хусусан, собиқ Ички ишлар вазири Б.Матлюбовнинг босими остида туман ҳокимлиги сув тақсимоти келишувларига амал қилмай, Камонгаронни яна сувсиз қолдираётган эмиш.

Айни масалада журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида ҳар икки маҳаллада бўлиб, маҳалла раислари, нуроний оқсоқоллар, аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлдик.

Уларнинг маълум қилишича, мурожаатдаги ваъжлар асоссиз бўлиб, икки маҳалла ўртасидаги сув масалалари адолатли ҳал этилган экан. Маҳалла аҳли номидан эълон қилинган мурожаат эса анчадан буён хорижда яшаётган, ўзини мухолифат дея атовчи гуруҳлар таъсирига берилган ғаламис кимсаларнинг “ижод маҳсули” экан.

Маълумот ўрнида: бу икки маҳалла аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ва томорқа майдонларини суғориш ишларида тоғдан келадиган чашма сувларидан фойдаланилади. Чашма суви тақсимоти бир неча йиллардан буён ушбу маҳаллалар ўртасида муаммоли масала бўлиб келганлиги туфайли, 2020 йилда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи хулосасига асосан қиймати 3 миллиард 100 миллион сўмлик янги лойиҳа сметаси ишлаб чиқилган эди.

Лойиҳага асосан, барча мавжуд чашма сувларини бирлаштириб, маҳаллаларнинг аҳоли сони ҳисобга олинган ҳолда, Камонгарон маҳалласига 60%, Вағашти маҳалласига 40% миқдорида сув таъминотини тақсимлаш белгиланди.

Лойиҳа ишлари бажарилиб, сув тақсимловчи иншоот бунёд этилди. Сувни қайта ишлаб берувчи (электролизная) ускуналари ўрнатилди. Муаммо ечилди. Низоларга барҳам берилди.

Унда, юқорида тилга олганимиз – мурожаат қаердан пайдо бўлди? – деган савол туғилиши табиий.

Мурожаатчиларнинг талабига кўра, мазкур икки маҳалла аҳолисини узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида амалга оширилган шунча ишларни бекор қилиб, аввалги ҳолига қайтариб, чашмадан келадиган сувдан қувур ва лотоклар орқали фойдаланиш лозим эмиш.

Жорий этилган сув тақсимлашнинг ҳар томонлама энг мақбул йўлини яна инкор этиш, ҳал этилган муаммони яна чувалаштириш кимга керак бўлиб қолди?

Биз билан суҳбатда бўлган ҳар икки қишлоқ вакилларининг сўзларида жон борга ўхшайди. Чиндан ҳам бу мурожаат ортида бошқа кимсалар турган бўлиши эҳтимол. Улар мазкур қишлоқлар аҳолисини яна низолар, муаммолар гирдобига тортишни истаётган бўлиши мумкин-ку, деган хаёлга борасан киши.