Канада ҳаво ҳудудида номаълум аппарат уриб туширилди. Шунга ўхшаш воқеа бир кун олдин АҚШда содир бўлди
11 февраль оқшомида Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа бирлашган қўмондонлиги Канада ҳаво ҳудудида номаълум самолётни уриб туширди, дея маълум қилган Канада бош вазири Жастин Трюдо.
Канада мудофаа вазири Анита Ананднинг айтишича, объект тахминан 12 километр баландликда учаётганда, мамлакат шимоли-ғарбида, АҚШ-Канада чегарасидан тахминан 160 километр узоқликда уриб туширилган. Мамлакат қуролли кучлари ва қироллик отлиқ полицияси ўрганиш учун аппарат қолдиқларини йиғиш операциясини бошлади.
Бу сўнгги бир ҳафта ичида АҚШ ва Канада ҳарбийлари томонидан уриб туширилган учинчи объектдир: 4 февраль куни АҚШ Хитой разведка шарини уриб туширган эди, 10 февралда эса яна бир номаълум учув аппарати Аляскада таъқиб қилинди.
Февраль ойи бошида АҚШ расмийлари америкалик ҳарбийлар бир неча кун давомида мамлакат ҳаво ҳудудида учаётган Хитой ҳаво шарини кузатгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу тадқиқот шари бўлиб, йўналишдан чиқиб кетган ва тасодифан АҚШга тушиб қолганини айтди.
4 февраль куни АҚШ ҳарбийлари Атлантика океани узра ҳаво шарини уриб туширди. Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти уриб туширилган ҳаво аппарати электрон разведка ускуналари билан жиҳозлангани ва ХХР разведка дастурининг бир қисми эканлигини айтди.