Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантин даврида мусиқа мактабларида ота-оналар бадал пули тўланадими?

- Фарзандим мусиқа мактабининг 2-синфида ўқийди. Бу йилги ўқув йили учун март ойигача тўлов қилдик. Карантин даврида фақатгина мусиқа назариясидан сабоқ олди, аммо амалий машғулотлар ўтилмади. Яқинда ташкил этилган телеграм гуруҳида мактаб раҳбарияти томонидан апрель ва май ойлари учун ҳам тўловни амалга оширишимиз кераклиги айтилди. Бу тўғрими?

Наргиза Муродова, 

Самарқанд шаҳри.

- Ҳа, тўғри. Маданият вазирлигининг “Таълим муассасаларида ўқув жараёнини масофавий таълим орқали давом эттириш ҳамда 2019-2020 ўқув йилини якунлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан, вилоятимиздаги барча болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқув йили масофавий тарзда якунланди. Дарслар телеграм гуруҳлари орқали  масофавий ташкил этилди ва  якуний имтиҳонлар ҳам онлайн олиб борилди.

Апрель-май ойларида дарслар онлайн тарзда ўтказилганлигини инобатга олиб, ота-оналар томонидан бадал тўловларини битирувчилар учун 2020 йил 1 августга қадар, қолган ўқувчилар учун жорий йилнинг 1 ноябрига қадар тўланишига рухсат берилди. Айрим йўналишларда таҳсил олувчи ўқувчилар учун дарсларни масофадан ташкил этишнинг имкони бўлмаганлиги учун машғулотлар ёзги таътилда ўтиб берилади. Фарзандингиз битирувчи бўлмаганлиги учун бадал тўловларини жорий йилнинг 1 ноябригача тўлаш имкониятига эгасиз.

Ҳожиакбар МАМАТОВ,

Самарқанд вилоят маданият бошқармаси етакчи мутахассиси.