Карантин қоидаларига амал қилмаган ДСЭНИ масъул ходими жаримага тортилди

Вилоят прокуратураси ишчи гуруҳи томонидан вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошқармасида қарантин қоидаларига риоя қилиниши назорат тартибида ўрганилди.

Ўрганиш давомида бошқарманинг масъул ходимлари томонидан карантин қоидаларига амал қилинмаётганлиги, фуқаролар ижтимоий масофага амал қилмасдан, бино ичида тўпланиб тургани бўйича ижтимоий тармоқда тарқалган лавҳаларга аниқлик киритилди.

Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам бошқарма биносига киришда карантин талабларига риоя қилиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмаган. Хусусан, бино ташқарисида ижтимоий масофани сақлаш учун лента ёки бирон бир белги қўйилмаган. Оқибатда одамлар тўпланиб қолишига, улар ходимлар томонидан текширилмасдан ичкарига киришига йўл қўйилмоқда. Бошқарма ходимлари ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан таъминланмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан ваколат доирасида чора кўрилиб, аниқланган камчиликлар бартаф этилди. Жумладан, бинонинг кириш қисмига ижтимоий масофани кўрсатувчи чизиқлар чизилиши ва бошқа шу каби карантин талаблари бўйича аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши таъминланди.

Шунингдек, бошқарма биноси турли чиқиндилардан тозаланиб, бинога кириш жойида ҳар бир фуқарони дезинфекцияловчи 2 та ускуна ташкил этилди. Ҳужжатлар билан ишловчи инспекторлар хонасига антисептик воситалар қўйилиб, ходимлар тиббий қўлқоплар билан таъминланди.

Аниқланган камчиликларга йўл қуйган бошқарманинг масъул ходими Т.Ражабовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома тузилиб, жарима жазоси белгиланди.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.