Карантин қоидаларини бузиб, ИИБ ходимига қаршилик қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Кеча, 1 апрель куни фуқаро С.У. (1988 йилда туғилган, судланган, ишсиз) “Lacetti” русумли автомашинасини карантинли шароитда рухсат берувчи махсус рухсатнома (стикер)сиз бошқариб, “Самарқанд-Тошкент” йўналишининг Ғаллаорол тумани ҳудудига етганда шу ердаги йўл-патруль хизмати масканида хизмат вазифларини бажараётган Миллий гвардия ва санитария-эпидемиология ходимлари томонидан тўхтатилган.
Айни жараёнда Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан С.У.дан тегишли ҳужжатларни тақдим этиши сўралганда, у инспекторнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортиб, унинг кўкрак қисмига зарб билан уриб, қочиш мақсадида автоуловини Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда, машинанинг чап томон олд эшигига осилиб қолган ЙПХ инспекторини 600 метр масофагача судраб кетади.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Ғаллаорол тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи С.У. процессуал тартибда ушланган.