“Карьера куни”: 150 нафарга яқин битирувчи ишга қабул қилинди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида талаба ва битирувчиларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ёшларни архитектура ва қурилиш соҳасига кенг жалб этиш мақсадида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ҳамда “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.

Ярмаркада 187 та йирик ва нуфузли компаниялар иштирок этди. Тадбир давомида 150 нафарга яқин битирувчи талаба суҳбат асосида ишга қабул қилинди.

Тадбир доирасида “АРАМ” компанияси директори, “1000 та миллионер” клуби асосчиси Заҳириддин Носиров томонидан талабалар учун тадбиркорлик сирлари бўйича мастер-класс ўтказилди.
Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни” доирасида 400 нафарга яқин мактаб, техникум ва лицей битирувчилари учун университет бўйлаб таништирув экскурсиялари ташкил этилди. Бу ташаббус ёшларга олий таълим муҳитини яқинроқ таништиришга хизмат қилди.

Университет раҳбарияти 2024/2025 ўқув йилида 1815 нафар битирувчини тайёрлаган бўлса, келгуси йилдан бошлаб мекатроника, энергетика муҳандислиги, молиявий технологиялар, металлургия, дастурий инжиниринг каби замонавий таълим йўналишлари бўйича ҳам қабулни кенгайтиришни режалаштирмоқда.