Касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари стипендия ва уч маҳал овқат билан таъминланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.
* Касб-ҳунар мактабларида - кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.
* Таълим олаётган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади. Бунда касб-ҳунар мактаблари ўқувчиларни уч маҳал овқат билан таъминлаш ёки мазкур овқат пулларини уларга тўлаб бериш ҳуқуқига эга.
* Коллежларда - кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.