Каттақўрғон тумани ХТБ “Баркамол авлод” болалар мактабига ойлик иш ҳақини кам ҳисоблаган

Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Баркамол авлод” туман (шаҳар) болалар марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил этилди.

Мазкур қарор ижроси Каттақўрғон тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида мониторинг тартибида ўрганилганда, туман халқ таълими бўлими ҳисобхонасининг қарор талабларига риоя этмаганлиги аниқланди.

Хусусан, мактабда жами 45 нафар ходим, жумладан, директор, директор ўринбосари, 6 нафар услубчи ва 37 нафар тўгарак раҳбарлари меҳнат қилади. Ҳужжатлар ўрганилганда, ҳисобхона томонидан мактабнинг директори, директор ўринбосари, услубчи ва тўгарак раҳбарларига январь, февраль ва март ойлари қарорда белгиланган миқдордан кам иш ҳақи тўлаб берилганлиги аниқланди.

Негаки, қарорда Халқ таълими, Молия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларнинг “Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкаларини 2020 йил 1 январдан директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга ошириш ҳамда инструктор-услубчилар ва услубчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга ошириш ва уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Бироқ туман халқ таълими бўлими ҳисобхонаси қарордаги мазкур талабларга риоя этмаган.

Шу боис, ҳисобланмаган ва тўланмаган 46 миллион 819 минг 894 сўм иш ҳақларини тўлаш бўйича туман халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилди.

Ўткир ҲАКИМОВ,

Каттақўрғон тумани адлия бўлими бошлиғи.