Каттақўрғон туманида ветпункт мудирларига 23 миллион сўм ойлик иш ҳақи тўланмаган

Юртимизда наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, чорва молларини сунъий уруғлантиришни тизимли ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасидаги эпизоотик осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Шунингдек, ветеринария участкаларидаги 1 500 нафар ходимларнинг ойлик иш ҳаққига қўшимча равишда уларнинг тариф разрядлари 3 разрядга оширилди.

Аммо ана шу тамойил ҳамма жойда ҳам бир хилда ишлаяптими? Афсуски, ўрганишлар бу саволга “йўқ”, деб жавоб беришни тақозо қилмоқда.

Негаки, Каттақўрғон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида қарор ижроси мониторинг қилинганда 24 нафар ветпункт мудирларининг ойлик иш ҳақи 3 ой кеч оширилганлиги аниқланди.

Ўрганиш якунлари бўйича туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ветпункт мудирларига ойлик иш ҳақига қўшимча равишда тўлаб берилмаган 23 миллион 219 минг 856 сўмни тўлаш бўйича тақдимнома киритилди.

Ўткир ҲАКИМОВ,

Каттақўрғон тумани адлия бўлими бошлиғи.