Каттақўрғонда банк ходимлари коронавирусга чалингани боис мижозларга ўз вақтида хизмат кўрсатилмаган

Ижтимоий тармоқларда Халқ банкининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон филиалида мижозлар кўплаб йиғилгани, ушбу мижозлар чет элдан яқинлари юборган пулларни олиш учун навбат кутаётгани айтилган видеолавҳали пост эълон қилинди.

Мазкур ҳолат бўйича Халқ банки томонидан ўрганиш олиб борилганда қуйидагилар маълум бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам 29 июль куни Халқ банкининг Каттақўрғон филиалида мижозлар бироз кўпайган. Филиалдаги чакана хизмат ходимларининг икки нафарида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги сабабли улар ишга жалб қилинмаган. Бунинг натижасида узун навбатлар юзага келган. Аммо қўшимча ходимлар жалб қилиниб, ҳолат 11:00 да бартараф этилган.

Филиалда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиниб, мижозларнинг ниқобда бўлиши ва оралиқ масофани сақлаши бўйича ходимлар томонидан мунтазам огоҳлантириш берилмоқда.