Каттақўрғонда ўқитувчиларнинг ойлигидан маълум миқдорда ушлаб қолиш тўғрисида кўрсатма берилгани ростми?
Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими мудири номидан ўқитувчилар ойлигидан маълум миқдорда ушлаб қолиш топшириғи берилганлиги бўйича ёлғон хабар тарқалди. Бу ҳақда Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими хабар бермоқда.
Унда таъкидланишича, «2021 йил 19 январь куни Президент маънавият ва маърифат соҳасини ривожлантириш мақсадида ўтказган йиғилишдан илҳомланган Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбари Шуҳрат Пўлатович эрта тонгдан барча мактабларга «Маърифатпарварлар» кенгашининг фондига ўқитувчиларнинг ҳар ойлигидан 1 фоиз ушлаб қолиш бўйича кўрсатма берган».
Мазкур ҳолат бўйича Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлимининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги 1-умумтаълим мактабида ўрганиш ўтказди.
Маълум бўлишича, Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими мудири томонидан бундай топшириқ берилмаган. Буни мактаб директори Н.Арипова ҳам тасдиқлади. Шунингдек, 1-умумтаълим мактабида Ойгул Шарипова исмли ўқитувчи ишламаслиги аниқланди.