Каттақўрғонда қурилаётган завод йилига 3 миллион тонна юқори маркали цемент ишлаб чиқаради
Йилнинг ўтган даврида Каттақўрғон туманида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, маиший хизмат, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилди. Бу ҳақда Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов zarnews’uz га маълум қилди.
- Туманда жорий йилнинг биринчи ярмида 312,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги билан таққослаганда 103,7 фоизни ташкил қилади, - деди Ж.Насриддинов. - “Кумуш тола” хусусий корхонасига Хитой ва Кореядан 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида замонавий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилди. Бу эса корхонада ишловчилар сонини 120 нафардан 200 нафарга етказиш имконини берди.
Бундан ташқари, соҳада жорий йилда 12 минг мавсумий ва 600 нафар доимий иш ўрни яратилиб, минглаб хонадонлар қўшимча даромад олди. Ўтган давр ичида туманимизда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсиш 110,1 фоизга ошди ёки аҳолига 406,1 миллиард сўмлик хизмат кўрсатишга эришилди. 317,6 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрланди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан тумандаги 52 470 хонадонда ўтказилган хатлов натижасида 11600 нафардан зиёд ишсиз фуқаро аниқланди ва жорий йилнинг ўтган даврида шу фуқаролардан 5164 нафарининг бандлиги таъминланди. 624 та якка тартибдаги тадбиркорлик, 335 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Шунингдек, 71 нафар тажрибали ҳунармандга 327 нафар шогирд биркитилди,667 нафар ишсиз фуқарога янги касб-ҳунар ўргатилди.
“Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракати, ташаббускорлиги туфайли тадбиркорликка қўл урган мингдан зиёд фуқарога 28 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Ёрдамчиларнинг бевосита аралашуви билан 133 та тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилиб, 400 та янги иш ўрни яратилди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича туманда катта ҳажмда иш бажарилди. Гап Каттақўрғон туманининг Янги ҳаёт массиви ҳудудида қурилаётган умумий қиймати 340 миллион АҚШ долларига тенг цемент заводи ҳақида бормоқда. Биринчи ярим йилда ушбу объектда режа бўйича 24,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган эди. Аммо режа 245 фоизга бажарилиб, 60,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди. Ушбу завод йилига 3 миллион тонна юқори маркали цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, маҳсулотнинг 1,2 тоннаси экспортга йўналтирилади. Айни пайтда завод қурилиши жадал олиб бориляпти. Унга 600 нафардан зиёд ишчи, муҳандис ва кўплаб замонавий техникалар жалб этилган.
Шунингдек, туманимизда БААнинг “Масдар” компанияси томонидан умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг қуёш электр станцияси бунёд этилмоқда. Жорий йилда бу лойиҳа бўйича 792,5 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилади. Станция 2023 йилда ишга туширилади. Иккала лойиҳа бўйича юзлаб янги иш ўринлари очилиши, янги уй-жойлар, маиший-маданий объектлар, йўллар қурилиши кўзда тутилган. Бу инвестициялар туманимиз иқтисодини кескин юксалтиради ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.