Каттақўрғонда йиллик қуввати 500 тонна бўлган ёғ заводи ишга тушади

Бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш учун авваламбор, ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш зарур. Жумладан, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам корхоналар сонини кўпайтириш учун тизимда мавжуд муаммоларга барҳам бериш талаб этилади. Бу саъй-ҳаракат ўз навбатида, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Каттақўрғон тумани Яккабоғ маҳалласи ҳудудида тадбиркор Мурод Ҳасанов томонидан "Барака Омад Экстра Ойл" ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш корхонаси қурилмоқда.

Лойиҳа қиймати 1 миллион 50 минг долларни ташкил этган ушбу ёғ заводида бир йилда 500 тонна хомашё қайта ишланади. Завод Хитой давлатидан олиб келинган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. 

Аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш, бозорларни рақобатбардош, сифатли халқ истеъмол моллари билан тўлдиришда муҳим ўрин тутадиган ушбу заводнинг ишга туширилиши натижасида 78 та янги иш ўринлари ташкил этилмоқда.

Мазкур объект июль ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.