Каттақўрғондаги портлаш сабаби маълум бўлди
Жорий йилнинг 12 апрель куни эрталаб чамаси 07:20 лар атрофида Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳридаги икки қаватли турар-жой биноларидан бирида ҳаво-газ аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолатни ўрганиш бўйича «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ бош директори Холмурод Бобомуродов бошчилигида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ўрганиш давомида қуйидагилар аниқланди:
Чақнаш содир бўлган ушбу икки қаватли, ертўласиз ҳамда иккита кириш йўлагига эга турар жой биноси 1960 йилда қурилган ва газ таъминотига уланган. Хонадонларда газ плиталари мавжуд, аммо иситиш тизими мавжуд эмас.
Чақнаш содир бўлган хонадонда “Брест” маркали тўрт кампараклик (кўзли) газ плитаси барча техник талабларга жавоб берган, хонадондаги газ қувурлари ҳам соз ҳолатда бўлганлиги аниқланди.
Содир бўлган ҳодисага эса газ жиҳозларидан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик сабаб бўлган. Хонадон эгалари газ плитасига чойнакда сув қўйиб, ошхонани тарк этган. Сув қайнагач, хонадон эгалари томонидан ўз вақтида ўчирилмаганлиги сабабли, қайнаётган сув тошиб, оловни ўчирган. Газ сизиб чиқишининг давом этиши сабаб ошхонада хавфли ҳаво-газ аралашмаси тўпланган. Хонадон эгаси хонани шамоллатмасдан туриб, гугурт ёқиб юборган ва чақнаш содир бўлган.
Оқибатда хонадонда яшовчи уч нафар фуқаро ҳалок бўлган, тўрт нафари эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.