Каттақўрғоннинг «Тасмачи» бозоридаги тартибсизликлар. Унга қачон барҳам берилади?
Элли ер - бозор, элсиз ер - мозор. Элнинг бозорига, мозорига тегинма, деган мақолларни аждодларимиз бекорга айтишмаган. Халқимиз азалдан бозорларни юрт маъмурчилигининг кўзгуси сифатида билиб келган. Яъни бозор расталари тўкин-сочин, маҳсулотлар арзон, озода бўлса, демак бу элнинг турмуши фаровон, дастурхони эса обод дегани. Дарҳақиқат, бугун қайси бозорга кирманг, тўкин-сочинликни кўрасиз. Аммо бозорларда харидорларга сифатли хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартиб ва меъёрларга амал қилиниши лозим.
Хўш, бу борада Каттақўрғон туманидаги бозорларда аҳвол қай даражада? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти “Тасмачи” деҳқон бозори масъулияти чекланган жамиятидаги ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш олиб борди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Маълум бўлишича, бозордаги муаммолар унинг кириш қисмидан бошланади ва харидорлар учун етарлича шароит яратилмаган. Бозор маъмуриятининг эътибосизлиги туфайли мажмуа атрофида автомобиллар тартибсизлиги юзага келган ва бозор ичига ҳам автоуловлар тартибсиз равишда жойлашиб олишган. Бу ҳам харидорлар учун кўп ноқулайликларни туғдирмоқда. Қолаверса, бозорнинг кириш ҳудудида сотувчилар расталарсиз маҳсулотларини ерга қўйиб тартибсизларча савдо қилмоқда. Ичкарида сотувчилар учун мўлжаллаб қилинган расталар тартибсиз ўрнатилганлиги боис, харидор ва сотувчиларнинг талабига жавоб бермайди.
Аҳолига гўшт маҳсулотлари сотадиган дўконлардаги сотувчиларнинг аксарияти тадбиркорлик рўйхатидан ўтмасдан, гўшт маҳсулотини ветеринария кўригидан ўтказмасдан харидорларга сотмоқда.Чорва моллари аслида биринчи навбатда қушхоналарда сўйилиб, тахланиб, тегишли муҳр тасдиқланганидан сўнг бозор ветеринария врачи томонидан кўрикдан ўтказилиши керак. Тасдиқловчи ҳужжат олгандан кейин аҳолига гўшт маҳсулоти сотилиши лозим. Аммо бу масала на бозор маъмурияти на бу масалага бевосита масъул, керак бўлса жавобгар бўлган ветеринария врачи томонидан назоратга олиниб тартиб ўрнатилмаган.
Жумладан, гўшт маҳсулотлари савдоси билан машғул бўлган А.Ҳайдаров ва Ш.Файзуллаевлар тадбиркорлик рўйхатидан ўтмасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун рухсатнома олганлиги, сотувчи Д.Шодиева томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз, ветеринария кўригидан ўтказилмаган товуқ гўшти сотилаётганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, бир нечта сотувчилар мол гўшти калла-почаларини ноқонуний равишда, белгиланган меъёрларга амал қилмасдан ўта хавфли антисанитар ҳолатда сотишмоқда.
Бозор ҳудудида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган бўлса-да, лекин айрим сотувчилар руйхатдан ўтмаган. Ўтганларининг айримларини гувоҳномаси фаолият турига умуман тўғри келмайди. Мисол учун, сотувчи А.Раҳимов рўйхатдан ўтмасдан ўсимлик ёғи савдосини амалга оширмоқда. С.Каримова, Д.Мейлиев, Р.Явқочов, С.Актамова, Н.Раҳматова ва С.Қурбонова каби сотувчилар ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо фаолиятини амалга ошираётганлиги кишини таажжубга солади.
Бозор ҳудуди ва савдо расталари, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Чорва моллари савдоси учун мўлжалланган ҳудуд авария ҳолатига келиб қолганлиги боис, мутлақо талабга жавоб бермайди.
Умумий овқатланиш жойларидаги санитар аҳвол ҳам ачинарли тус олган. Бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган 22 нафар умумий овқатланиш шохобчалари ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган, антисанитар аҳволда хўрандаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Энг ёмон томони, қонунчиликка хилоф равишда ноқонуний алкоголь маҳсулотлари сотилмоқда.
Мамлакатимизда бозорлар фаолиятини янада такомиллаштириш, сотувчи ва харидорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида самарали ишлар олиб борилаётган бир пайтда "Тасмачи" бозорида вазият нега бундай аянчли тус олмоқда? Бу ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар ва мутасаддилар жиддий бош қотирмас экан, юзага келган вазиятдан сотувчию харидорлар азият чекаверишади. Ўйлаймизки, бу борада бозорлар фаолиятини назорат қилувчи масъуллар, Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази, ветеринария соҳаси мутасаддилари жиддий чора-тадбирларни амалга оширишади.