Кеча талаба эди, бугун шифокор

Маросимда институт раҳбарияти, соғлиқни сақлаш муассасалари ва кенг жамоатчилик вакиллари мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
– Асосий мақсад аҳолига юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш экан, бу вазифани амалга оширишда соҳа ходимларининг билим ва малакаси, ўз касбига садоқати муҳим ўрин тутади, – деди Самарқанд давлат тиббиёт институти бўлим бошлиғи Я.Аллаёров. – Шу сабабли бу йил Президентимиз ташаббуси билан соҳа учун кадрлар тайёрлаётган олий таълим муассасалари битирувчилари муддатидан олдин якуний давлат аттестациясини топширди ва асосан ўзлари туғилиб ўсган ҳудуддаги бирламчи тиббиёт муассасаларига ишга йўлланма олди. Институтимизнинг тиббий педагогика, даволаш ва педиатрия йўналишлари ҳамда клиник ординатуранинг 300 нафардан ортиқ битирувчиси ҳам эртадан бошлаб соғлиқни сақлаш муассасаларида иш бошлайди.
Тадбирда битирувчилар эл саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишга тантанали қасамёд қилди. Етти йил давомида пухта билим берган, касб сирларини ўргатган устозларига миннатдорлик билдирди.
– Қашқадарё вилояти Косон туманида туғилиб ўсганман, – дейди Ободон Рўзимуродова. – Бугун институтни битириб, шифокорлик қасамёдини қабул қилдим ва Гувалак қишлоғимиздаги оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида ишлаш учун йўлланма олдим. Қишлоғимиз аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш, институтда олган билимларимни амалиётда қўллаш мен учун катта шараф. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб, устозларим ишончини оқласам, ўзимни бахтли ҳис қиламан.
– Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини битирдим, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган Руслан Утениязов. – Етти йил давомида бу ерда ўз йўналишим бўйича замон талаблари даражасида таҳсил олдим. Бунинг учун давлатимиздан, устозларимдан миннатдорман. Энди Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмаси поликлиникасида иш фаолиятимни бошлайман. Бугун Президентимиз халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратаётган экан, мен ҳам бу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ишлашга ваъда бераман.
Ёш шифокорлар институт вакиллари ҳамроҳлигида ҳудудларга кузатилди.