Кечиринг, пошнали туфли киймайман энди…
Бу даргоҳга илк келганим кечагидек ёдимда. Айниқса, Адҳам аканинг хонаси ёнидан аёллар тугул йигитлар ҳам секин гапириб ўтар, хонага кирганда ҳамкасбларимиз секин, қарийб пичирлашгандай, бир-бирларининг кўзига қараб сўзлашарди...
Ҳар бир корхонанинг ўз тартиб-таомиллари бўлади, ходимлари буларга кўникади ёки уларни ўзгартиришга интилади ёхуд уларга мослашиб, унинг тўғрилигини англаб боради. Шундай корхоналар борки, у ерда ишингни бажарасан, сенинг кимлигинг ҳеч кимни қизиқтирмайди, фақат ишингни уддаласанг, бас. Яна шундайлари борки, у ерда сени ҳурмат қилишади, билмаганингни ўргатишади, сендан иш талаб қилишади.
Бу даргоҳда эса ҳаммаси ўзгача. Бу ерда сен яхши ходим бўлишинг кераклиги талаб қилиниши баробарида сенинг кимлигинг, ўй-хаёлларинг, ҳаётинг, муаммоларинг ҳам сўраб турилади, меҳр кўрсатилади. Неча йиллардан буён шундай, неча ўн йилликлар, одамларда виждон қолмади, дея ёзғирилган йилларда ҳам бу қадриятларга раҳна солмади. «Зарафшон» таҳририятида бу анъаналарнинг узилмаслигига ҳисса қўшган УСТОЗимиз бор эди… У кишига нисбатан ўтмиш феълини қўллаш қўлларни-да қалтиратиб юборса-да, шундай. Бу инсон - нафақат вилоятда, республикада ўз ўрнига эга журналист Адҳам Ҳайитов эди.
…Бу даргоҳга илк келганим кечагидек ёдимда. Айниқса, Адҳам аканинг хонаси ёнидан аёллар тугул йигитлар ҳам секин гапириб ўтар, хонага кирганда ҳамкасбларимиз секин, қарийб пичирлашгандай, бир-бирларининг кўзига қараб сўзлашарди. Менга бу нарса унчалик маъқул келмас, сал эркинроқ жамоада ишлаганим туфайлими, «феодализм»га ўхшайди бу ишхона, дея норозилигимни яширолмасдим. Айниқса, баъзи фикрларимга, овозим баландроқ чиққанида, ошкор танбеҳ берганларида буни қабул қилишим осон бўлмаган.
- Мени отангдай билиб, насиҳатларимни тўғри қабул қил, қизим, уни ҳаммагаям айтмайман, - дердилар… Кейин кўп фикрлашадиган, баҳслашадиган, тортишадиган бўлдик. Мен у кишига, у киши менга мослашди. «Жуда ўжарсан», деб танбеҳ берардилар, аммо танбеҳларида оталарча ғамхўрлик борлигини ҳис қилиб турардим.
“…Ишингни яхши бажаришинг жуда муҳим! Аммо одамгарчиликни унутмаслик керак, одам тафтини одам олади. Ҳар бирларингни оилангдаги муҳитдан хабарим бор, қанақа ҳаводан нафас олишларингни ҳис қилиб тураман”, дердилар.
Адҳам ака бор жойда шовқин-сурон бўлмасди, у киши бор жойда аллақандай улуғвор сокинлик бўларди. Ҳамкасбларга ортиқча гапирмас, хонасига кирса, кўз қарашидан нима демоқчи бўлганини биладиган бўлиб қолгандик.
…Бугун, кези келганда ҳатто ҳамкасблар яхши мақоладан, таъсирли суҳбатдан ҳайратланмай қўйган бир пайтда у киши газеталардаги зиғирча яхши маълумотни назардан четда қолдирмасди. Бундай эътиборлилик фақатгина уни ўқиб чиқиш билангина чекланиб қолмас, шогирдими ёки бошқами, албатта табриклаб қўярди. Ўзи эътиборли бўлгани учун, эътиборсизликдан ранжирди.
…Шовқин-сурон кўтариб келган шикоятчилар билан ҳам тил топишиб, унга мулойимлик билан ўзи тушган вазиятни тушунтириб қўйишларидан лол қолганман.
…Бу даргоҳда ишлаб кетганларнинг барчаси билан алоқада бўлиб туришга ҳаракат килар, уларни чорлаган пайтларимиз шунчалик иззат-ҳурмат қилардиларки, беихтиёр «намунча» деб юборардик. «Бутун умрини шу соҳага бағишлаган инсонлар нафақага чиққач, худди ўша йиллардагидек кутиб олинса одамга қанчалик ёқишини сизлар ҳали тушунмайсизлар. Лекин унутманглар, бу ҳам одамгарчилик», дердилар.
…Иш юзасидан туманларга бориб қайтганимиздан сўнг албатта қаерга борганимизни, кимлар билан учрашганимизни, у ерда бизга қандай муносабатда бўлишганини бирров сўраб қўярдилар. Нимадир маъқул келмаса, маслаҳат берар, воқеани тўлиғича баён қилмасам-да, вазиятни қандай тушуниб олганларига ҳайрат билан қараб ўтирардим. «Бутун вилоятни, қишлоқларни кезиб чиққанман, ахир…» дерди. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир тумандаги вазиятни яхши билар, одамларининг феълигача айтиб берарди.
…Адҳам ака ҳаётсевар инсон эди. Гарчи кўринишдан сокин, беэътибор кўринса-да, аммо у киши учун ҳеч нарса майда-чуйда эмас эди. Ишлаш, яшашнинг ҳар бир одатини қойилмақом тарзда жойига қўярдилар. Шунинг учунми, оиласи Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалласининг энг намунали оилаларидан бўлиб, уч ўғилларини ҳам ўзларига ўхшаб тарбия қилган, келинларини қизларидай кўриб, эъзозлаганига гувоҳ бўлганмиз. Рафиқаси, Меҳринисо аяни эса еру кўкка ишонмасдилар. «Ҳали мени ёшимга етсаларинг, аёлингни ковушини излаб қоласан», дердилар шўхроқ йигитларга. Яъни, уйга келганингда болаларингдан биринчи сўровинг «Онанг қани?» деган гап бўлади, демоқчи бўлардилар. Тўғри яшаш, ҳалол умргузаронлик, виждонан меҳнат қилишнинг тимсоли эдилар Устоз…
…Салкам етмиш ёшда бўлишига қарамай, таҳририятнинг энг кичик топшириғини ҳам ёшлардан кўра тезроқ бажарар, кўпчилик бундан ҳайратга тушарди. «Топшириқми, топшириқ, биринчи навбатда уни бажаришинг керак, нонингни ҳалоллаб е» - кўп такрорлайдиган гаплари эди. Кейинги ойларда уруш қаҳрамонлари ҳақида туркум мақолалар ёзди. Ҳаммасини жойига бориб, ўрганиб, изланиб қаҳрамоннинг замондошлари бўлмаса-да, улар ҳақида билган, эшитган инсонларни топиб, суҳбатлашиб, жуда таъсирли ёзди. Уруш қаҳрамонларига нисбатан эътиборсизликдан ранжиб, куюнчаклик билан мулоҳазалар билдирдил Уларнинг кўпчилиги инобатга олиниб, бугун туманларда бу масалада ўзгаришлар бўлмоқда. Эҳ-ҳе, қарийб эллик йиллик журналистик фаолияти давомида бундай таъсир кучига эга мақолаларнинг қанчаси ёзилмади, дейсиз. Жамиятга иллатлар, нопокликлар, муаммолар, ислоҳотлар, яхши ўзгаришлар - бу мавзулар Устознинг қўлидаги фактлар билан бирлашиб, йирик мулоҳазали мақолаларни дунёга келтирар, қалб қўри берилган бу битиклар албатта ўз ўқувчисини, фикр билдирувчисини топарди.
…Таҳририятда ишлайдиган хотин-қизларнинг ҳурматини жойига қўяр, бирор тадбирми, йиғилишми, уларни албатта ўз ўрнида ҳурмат билан ўтқазар, бошқа йигитларнинг ноўрин бирор муносабатини пайқаб қолса кўз қири билан норозилигини билдирарди. Дастурхон атрофида ҳам биринчи навбатда аёлларга илтифот кўрсатар, йигитларга бу борада ўрнак бўларди. Кийинишда, ўзини тутишда ҳеч қачон камчилик топиб бўлмасди у кишидан. Соғлигида муаммо бўлса-да, кўрсатмас, «ҳаммаси жойида, ўзларингни эҳтиёт қилинглар!», деб қўярдилар.
…Пошнали туфлиларни кийиб, тақиллатиб йўлакнинг охирроғида жойлашган хонамга ўтардим ҳар куни. Иш кўп кунлари кўплаб маротаба бундай тақир-туқир ўтиб-қайтишлар бўларди. «Пошнали туфли кийма, қизим, миямга чиқиб кетади, овози…», дердилар… Адҳам аканинг хонаси ёнидан ўтаётганимда қадамимни секинлаштириб ўтардиму, барибир пошнали туфли кияверардим.
Кечиринг, Устоз, пошнали туфлиларим учун…?!
Гулруҳ Мўминова.