Кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар қачон имтиҳон топширади?

– Мен сиртқи таълим шаклида ўқиш учун рўйхатдан ўтганман, имтиҳон қаерда ва қачон бўлиб ўтади? Жараён шаффофлик билан ўтишига ишонсак бўладими, бунинг учун қандай ишлар амалга оширилди?

М.ЎРАЗАЛИЕВ,

Жомбой тумани.

– Олий таълим муассасаларига кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларига кириш учун тест синовлари жорий йилнинг 29 июлидан 13 августига қадар навбати билан бўлиб ўтади.  Имтиҳонлар Самарқанд вилоятидаги 5 та катта сиғимдаги биноларда бўлиб ўтади. Бу бинолар – Самарқанд давлат университети академик лицейининг спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 3 та спорт зали ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежининг спорт заллари.

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган биноларга киришда абитуриентлар фейконтрол ва бармоқ изларини сканерлаш қурилмалари орқали назоратдан ўтказилади. Шу билан бирга тест синовлари ўтказиладиган биноларда абитуриентлар томонидан алоқа воситаларидан фойдаланишнинг олдини олиш учун махсус қурилмалар ўрнатилади.

Шунингдек, бинолардаги тест жараёнларини ота-оналар мазкур ҳудуд яқинида жойлашган СамМИ клиникаси ва Сиёб тиббиёт коллежи ҳовлисида ўрнатилган мониторлар орқали кузатиб боради. Мониторларда айрим носозликлар кузатилганда эса ота-оналар вакиллари тест синовлари давом этаётган бинога кириб, жараённи бевосита кузатиб чиқиш имконига эга бўлади.

Дарвоқе, абитуриент ариза топширган йўналишга қараб ижодий имтиҳондан ҳам ўтказилади. Бу ҳақда олий таълим муассасалари абитуриентларга хабар бериб боради.

Носир ЭШОНҚУЛОВ,

Давлат тест марказининг

Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи.