Кенгаш ҳуқуқ ва имконияти кенгаймоқда. Бу реал ҳаётда ўз ифодасини топяптими?
Депутатлар қонунга кўра, аҳоли, аниқроғи, сайловчилар вакиллик органига ишонч билдирилган кишилардир. Улар кўпчиликнинг овози сифатида маҳаллий ёки ҳудудий ҳокимликларда ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиши керак.
Бу функцияни тўлақонли амалга ошириш учун кейинги 4-5 йилда қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина Кенгашлар фаолиятидаги ташкилий-техник масалаларни ҳал этиш учун котибиятлар ташкил қилинди.
Хўш, Кенгаш ва депутатларнинг жамият ҳаётида ўрни ва роли қай тарзда бўлмоқда? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши фаолияти билан яқиндан танишдик.
Депутатни “бўшатиб” бўлмайди
Айтиш мумкинки, бу масала, яъни депутатни ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун муддатидан олдин чақириб олиш борасида қонунчиликдаги қоида эскирди. Ваҳоланки, ваколатни муддатидан олдин тугатиш борасидаги нормаларда мажбуриятини бажармаслик тўғрисида талаб белгиланмаган.
Халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши фаолияти билан танишарканмиз, бунга яна бир бор амин бўлдик.
- Қонунчиликда халқ вакилининг ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари ҳам белгиланган, - дейди халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши котибият мудири Бекзод Орзиқулов. – Жумладан, тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида ҳамда мазкур Кенгаш томонидан тузилган қайси комиссия таркибига сайланган бўлса, шу комиссиянинг мажлисларида қатнашиши, овоз беришда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг Регламентида белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.
Депутат вақти-вақти билан, лекин йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот бериши алоҳида нормада акс этган. Лекин унинг бу ҳақида Кенгашга ахборот бериш мажбурияти йўқ. Аниқроғи, “Сайловчилар билан учрашдингми-йўқми?”, деб тергашга ҳақли эмасмиз.
Қонунчиликда талаб даражасида фаолият кўрсатмаган депутатга фақат унинг номзодини кўрсатган сиёсий партия тегишли таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга. Мисол учун, қонунга кўра, сайловчиларнинг ишончини оқлай олмаган, шунингдек, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.
Албатта, шу пайтгача, депутатлар фаолиятини ташкилий ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш тегишли ҳокимликларнинг ташкилий-назорат бўлимлари томонидан амалга ошириб келинарди. Шундай шароитда депутат ижро ҳокимиятига тобе бўлиб қолмаслиги учун бу норма тўғри бўлгани аниқ. Бироқ бугун вакиллик органлари, яъни депутатлар корпуси мустақил фаолият олиб бораркан, Кенгаш котиби ва депутатлар ўртасидаги муносабатлар ҳам қонуний тартибга солиниши керак.
Қолаверса, қонунда сайловчилар билан учрашиш унинг ҳуқуқи сифатида белгиланган. Бу эса учрашмасликка ҳам ҳақли эканлигини англатмайдими?
Вакил сайловчиларни қабул қиладими?
Аслида Б.Орзиқуловнинг фикрларида ҳам жон бор. Бироқ бугунги одамлар бунга қўйиб бермайди. Яъни, ўзлари ишонч билдирган депутатларни ҳудудидаги реал ҳаёт билан танишмаслигини жим кузатишмаслиги тайин. Шу жумладан, нарпайликлар ҳам бундан мустано эмас.
Тумандаги 22-Тортувли округидан Экологик партия аъзоси Саидмурод Жабборов депутатликка сайланган. Округ ҳудудида Тортувли ва Қозиёқли маҳаллаларидан иборат.
- Сайловчилар билан фаолиятимни икки йўналишда ташкил қиламан, - дейди С.Жабборов. - Биринчи - тарғибот йўналишида охирги марта 29, 30 июнь кунлари “Янги Ўзбекистон конституцияси – менинг конституциям” шиори остида Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳар икки маҳаллада учрашувлар ўтказдик.
Албатта, бу каби учрашувлар фақат тарғибот билан тугаб қолмайди, одамлар муаммолари, уларни ўйлантираётган масалалар кўтарилади. Берилган ваколат доирасида муаммоларни ечишга ҳаракат қиляпмиз. Мисол учун, шу пайтгача ҳудуддаги барча хонадонлар ташиб келтириладиган сувдан фойдаланарди. Мурожаат ва сўровларимиздан “Сувоқова” ташкилотининг туман бўлими мутасаддиларининг “безори чиқди”. Муҳими, аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.
Бундан ташқари, Оқтош-Олтиўғил қишлоқларини боғловчи 12 километр масофадаги йўл бўйича вилоят ҳокимигача учрашдик. Айни пайтда бу ерда асфальт ётқизиш ишлари якунланяпти. Туман мактабгача таълим бўлимига киритган сўровимиз натижасида 2 та маҳаллада ҳам 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди.
Шундай масалалар борки, уларни аҳолининг кучи, жамоатчилик ёрдами билан ҳам ҳал этиш мумкин. Мисол учун, Тортувли маҳалласида 100 дан зиёд тунги чироқларни шундай йўл билан ўрнатдик.
Умуман, ҳар ойнинг иккинчи душанба куни депутат ва фуқаролар учрашуви, депутат ва ёшлар учрашувлари ташкил этиб, фуқаролар ва ёшларнинг дарду ташвишлари билан қизиқиб, уларни жойида ёки тегишли ташкилот раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳал қилиш йўлларини кўряпмиз.
Округ ҳудудидаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, “дафтар”дан чиқарилган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, агар ёрдамдан қаноатланмаган бўлса, асослантирилган тушунтириш бериш бўйича депутатлик сўрови киритамиз.
Сўров асосий восита, аммо ...
- Гарчи амалдаги тартиб бўйича бизга бундай ваколат берилмаган бўлса-да, (Сенат тавсиясига кўра, депутат сўрови танишиш учун ўзи аъзо бўлган доимий комиссияга тақдим қилинади) уларнинг ҳисобини юритамиз, - дейди Б.Орзиқулов. - Бунда берилган сўровларга жавоб қайтармаётган мутасаддиларга тушунтириш, тақдимнома киритиш чораларини кўряпмиз. Рост, айрим ҳолларда турли баҳоналарни рўкач қилаётган ҳам учраб туради, аммо биз қатъиятли бўлишга ҳаракат қиляпмиз.
Халқ вакилининг мавжуд 15 та ҳуқуқи орасида депутат сўрови алоҳида белгиланган. Ўз навбатида 2019 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартишга мувофиқ, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахсларга маъмурий чора кўрилади.
Яъни, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан депутат сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинади.
Бизнингча, бу қонуний механизмни амалда қўллашда юзхотирликка ўрин йўқ. Чунки бу норма айнан давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан белгиланган.
Ишлар кўп, камчилик ҳам йўқ эмас
Халқ депутатлари Нарпай туман Кенгаши сессиялар чақирилишидан 7 кун олдин эълон қилиниши қоидасига қатъий амал қилинган. Бу ҳақдаги эълон депутатларнинг телеграм гуруҳида, 10 мингдан зиёд обуначига эга туман ҳокимлиги сайтида бериб борилган. Сессиянинг айни сайтда жонли тарзда узатилишини ҳам ижобий иш сифатида баҳолаш мумкин.
Бироқ Кенгашнинг биринчи ярим йилликдаги иш режасида 18 та масала белгилангани ҳолда уларнинг 17 таси қайсидир раҳбар ёки мутасаддининг ахбороти ва ҳисоботидан иборат. Депутатлар ярим йил давомида биргина “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ижросини ўрганишни режалаштирган.
Ваҳоланки, Кенгашда мавжуд 5 та партиянинг барчаси етарлича депутатлик ўринларини эгаллаган. Табиий савол туғилади, наҳот улар ярим йиллик учун сайловчилари манфаатларидан келиб чиқиб, жилла қурса, партия дастури асосида биттадан масалани ўрганишни мақсад қилишмаган?
Тўғри, бир қарашда Кенгаш фаолияти яхшидек таассурот уйғотади. Негаки, ярим йилда сессияларда 100 дан кўпроқ масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган. Қарорлар ижросини назорат қилиш тизимли ташкил қилинган.
Аммо кўпчилик туманда бўлгани каби Нарпай туманида ҳам Кенгаш котибияти сессияларни ташкил этиш ва унга тегишли ҳужжатларни юритувчи тузилма вазифасини бажармоқда.
Ваҳоланки, қонунчиликда “Халқ депутатлари Кенгашининг ҳар бир сессиясини ўтказиш даврида депутатлар орасидан сессия котиби ёки котибияти сайланади”, деган норма ҳали ўз кучида турибди. Котиб ёки котибият регламентга кўра, сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди, баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил қилади. Ҳозирча амалда бундай бўлаётгани йўқ.
Фикримизча, ё регламент ўзгартирилиши ёки Кенгаш котибияти асосан депутатларга фаолиятини ташкил этиши учун кўмаклашиши зарур.
Ёқубжон Марқаев.