Кеннеди ва Хрушчевни дўстлаштирган кучукча

АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди болалигидан ҳайвонларни яхши кўрарди. Қўшма штатлар ва Совет иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги совуқчиликка барҳам бериш учун СССР Министрлар советининг раиси Никита Хрушчев шундан фойдаланди.

...1961 йилда икки давлат бошлиқлари долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун Венада учрашди. Улар билан рафиқалари - Жаклин Кеннеди ва Нина Хрушчева бирга эди. Аёлларнинг иштироки вазиятни енгиллаштирди. Икки мамлакат раҳбари муҳим давлат ишлари муҳокама қилингандан ташқари у ёқ-бу ёқдан ҳам суҳбат қуришди. Бир пайт суҳбат давомида Жаклин Кеннеди Хрушчевдан космосга учган ит ҳақида сўраб қолди. У афсонавий Стрелка лақабли итнинг авлод қолдирган-қолдирмагани билан қизиқди.

Хрушчев дарҳол илиб кетди ва “космонавт” ит билан боғлиқ воқеаларни мароқ билан ҳикоя қилди. Ит тирик эканлигини айтди. Суҳбатни беихтиёр Жон Кеннеди ва Нина Петровна эшитиб қолди. Бутун оқшом итлар ҳақида гурунглашишди. Гап гап билан-у аммо Никита Сергеевич уни ёддан чиқармади. Уч ҳафтадан кейин Оқ уйга Хрушчевдан совға келди. Бу космосда бўлиб қайтган Стрелканинг боласи эди.
Оқ уйда ёқимтой кучукчани бутун оила аъзолари, айниқса болалар яхши кўриб қолишди. Газеталар Хрушчевнинг совғаси икки мамлакат ўртасидаги “Совуқ уруш”ни юмшатишда хизмат қилгани ҳақида баралла ёзишди.

Рус тилидан Т. Шомуродов таржимаси.