Кейинги 6 ойда Самарқанд шаҳри атмосфераси тозаланди
Самарқанд шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқловчи гидрометеорология марказининг доимий 4 та таянч постлари жойлашган бўлиб, ўтказилган таҳлиллар натижасида жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида йирик корхоналар ва автоуловлардан чиқадиган зарарли моддалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,5 фоиз миқдорда камайганлигини кўрсатди. Аммо кейинги бир ойу 15 кунлик даврда саноат корхоналари ва автоуловларнинг ҳаракатланиши даражаси ошганлиги ҳисобига 0,2 фоиз миқдорда заҳарли моддаларнинг меъёр кўрсаткичи бироз ошганлик ҳолати кузатилмоқда.
Ҳисобот даврида мавжуд гидрометеопостлардан олинган ҳаво намуналарида ўтказилган кимёвий таҳлиллар ҳавони ифлослантираётган зарарли моддалар миқдори меъёрдан ошган ҳолати аниқланмади.
Маълумот ўрнида тақидлаш жоизки, шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган 1 та енгил автотранспорт воситасининг (бензин ёқилғисида ҳаракатланиш) двигателларидан атмосфера ҳавосига 0,0003 фоиз зарарли ташламалар чиқади. Оқибатда шаҳар ҳавоси қишлоқ ҳавосига нисбатан бир неча даражада юқори кўрсаткичга етиб, заҳарли ҳавонинг ўз-ўзидан ортишини кўрсатади.
Кейинги 6 ой мобайнида шаҳарнинг экологик ҳолати автоуловлар ва саноат корхоналарнинг ишлаши тўхтаганлиги сабабли шаҳар ҳавоси 22,7 фоизга тозаланганини кузатиш мумкин. Натижада шаҳримизда бир неча йиллардан буён 100 ёшдан катта бўлган ўсимлик ва дарахтларни янгидан куртак очиб яшнашига олиб келди.
Шунингдек, ҳаво зичлик даражаси меъёрлашиб, кислород миқдори 15,3 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда.
Шаҳар ҳавосини асосан бузадиган омиллар - бу йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва автоуловларнинг кўплиги. Мисол учун, шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган 12 та йирик корхоналардан йилига 24,9 фоиз зарарли ташламалар, яъни хлор 4,9 фоиз, фтор 3,1 фоиз, хром 5,9 фоиз, бром 1,9 фоиз ва углерод 6,3 фоиз бирикмалари чиқиб, атмосфера ҳавосининг секин-секин зарарланишига олиб келади.
Шерали ИСКАНДАРОВ.