Кимлар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож?

Беш бармоқ баравар бўлмаганидек, одамларнинг топиш-тутиши, яшаш тарзи ҳам турлича. Кимдир меҳнати ортидан яхши даромад қилиб, оиласини, уй-жойини тўла-тўкис таъминлаб қўйган бўлса, кимдир ногиронлиги, кекса ёки бетоблиги сабаб уйини таъмирлай олмай, яшаш шароити оғир аҳволда кун кечиради. Шу сабабли ҳукуматимиз уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни махсус комиссия орқали аниқлаб, уларга ёрдам беради. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган “Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги тураржойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги низомда бу борадаги тартиблар белгилаб берилди. Унга кўра, қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб ҳисобланади:

а) тураржой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойларда яшовчи фуқаролар;

б) ҳар бир оила аъзоси ўн олти квадрат метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун йигирма уч квадрат метрдан кам бўлган тураржой билан таъминланганлар;

в) ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар, бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар, шунингдек, ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно;

г) қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;

д) алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган айрим сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинганлар;

е) уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.

Агар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаро томонидан берилган ариза рад этилса, у судга шикоят қилиши мумкин.