Кимнинг қанча солиқ қарзи бор?

Қарз асло барака келтирмайди, қарздорлик эса юзни шувут қилиши муқаррар. Масъулиятли бурч – солиқларни тўлашга панжа орасидан қарайдиган, бюджетга тушумлар тушишига ўз ҳиссасини қўшишни хаёлига ҳам келтирмайдиганлар ҳам мавжуд.

Аввало солиқ қарзи хусусида тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммаси, жумладан, белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар солиқ қарзини ташкил этади. Таъкидлаш лозимки, тўлов интизомига риоя этмаслик, хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳолатининг барқарор эмаслиги, дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ошиб бориши каби омиллар солиқ қарзининг юзага келишига сабаб бўлади.

Хўш, бугунги кунда Самарқанд вилоятида қанча солиқ қарзи юзага келган? Айни пайтда Самарқанд вилояти бўйича жами солиқ қарзи 283 миллиард 400 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Шу ўринда қайд этиш лозимки, қарзи миллион эмас, балки миллиардлик “маррани” “забт этган” корхоналар борлиги айни ҳақиқат.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Мехкалонна 48” корхонасининг 1 миллиард 637 миллион 357 минг 900 сўмлик, Нарпай туманида фаолият юритувчи “10-сон ҚҚК” масъулияти чекланган жамиятининг 1 миллиард 245 миллион 837 минг 800 сўмлик, Пахтачи туманидаги “Гранит” акциядорлик жамиятининг 1 миллиард 204 миллион 161 минг 600 сўмлик солиқ қарзи мавжуд.

Акмал ВАЛИЕВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи.