Киракашнинг эҳсони (ибратли ҳикоя)

Бадавлат бир аёл катта йўлда ўзининг қимматбаҳо автомашинасини ҳайдаб кетаётганда машинаси бузилиб тўхтаб қолди. Сўнгра аёл машинасидан тушди-да, катта тезлик билан келаётган машиналарни бирин-кетин тўхтата бошлади. Аммо ҳеч бири тўхтай демасди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қоронғи тушиб, ёмғир ёға бошлади.

Кутилмаганда, ёшгина, қорачадан келган йигит ўзининг эски русумли автомобилида келиб тўхтади. Аёл бир йигитга ва бир машинага менсимайгина қараб «минсаммикан ёки қолсаммикан», деган ўй хаёлидан ўтди.

Аёл кўпроқ йигитнинг ташланиб қолишидан чўчир эди. Чунки унинг кўринишидан бадавлат аёл эканлигини пайқаш қийин эмас эди-да.

Аммо аёл кўп ўйлаб ўтирмай, бир қарорга келди ва машинага миниб олди. Йўл-йўлакай йигитнинг исм-шарифи ва иш жойини сўраб билди.

Йигитнинг кўринишида унинг жуда қашшоқ ва муҳтож бир инсон сурати акс этиб турарди. Йигит ўзини «мен киракаш Адҳам бўламан», деб таништирди. Шундан сўнг аёлнинг кўнгли бир оз хотиржам бўлгандек бўлди. Орадан бироз вақт ўтгач, аёл йигитнинг одоби-ю ахлоқига ва бирон маротаба аёл томон қайрилиб гапирмаганига қойил қолиб, ёмон гумонларга борганлиги учун ўзини айбдор ҳис этди.

Улар шаҳарга ҳам етиб келишди. Аёл «йўл кира ҳақини қанча сўраса шунча бераман», деб бир чеккада тўхташини сўради. Йигит тўхтади. Аёл:

— Йўл кира ҳақи қанча бўлди?

Йигит:

— Ҳеч қанча!

— Йўқ… бўлиши мумкин эмас. Сиз менга ёрдам бериб, манзилимгача етказиб қўйдингиз.

Адҳам аёлга қараб деди:

— Йўлингизда учраган бирон бир шахсга яхшилик қилинг, мана шу менинг ҳизмат ҳақим бўла қолсин, - деб йўлида давом этди.

Бундай кутилмаган жавобдан аёл ҳайратда эди. Бироз туриб ўйланиб қолди, йўл-йўлакай қаҳвахонага кирди ва официант аёлга қаҳва буюртма қилди.

Официант аёл қаҳва келтирди. Бадавлат аёл унинг ранглари ўчган маъюс чеҳрасига назар солиб сўради:

— Аҳволингиз яхшими синглим, чарчаган кўринасиз?

Официант аёл:

— Ой куним яқинлашганга ўхшайди. Шунга бўлса керак…

— Ундай бўлса, нега бироз дам олмайсиз? - деб официант аёлга қаҳванинг пулини узатди.

Официант аёл пулларни олиб деди:

— Кўз ёришимга озгина бўлса ҳам маблағ бўлсин, деб бўш вақтларимдан ҳам фойдаланаман, деб ҳисобчининг олдига аёлнинг қайтимини олиш учун кетди. Чунки аёл қаҳванинг пулини официант аёлга ўн баровар кўп қоғоз пулида берган эди. Официант аёл қайтимларни олиб, бадавлат аёлга бермоқчи бўлиб қараса, аёл йўқ...

Аммо унинг ўтирган жойида бир парча қоғоз бўлиб, унда «қайтими сизга ҳадя», деган сўзлар ёзилган эди. Официант аёл буни кўриб, жудаям қувониб кетибди ва яна нимадир излагандек варақчанинг орқа томонига назар солди. У ерда «гўдакнинг ҳадяси эса столнинг тагида», деган сўзлар битилган экан. Официант аёл ойлик маошига 6 баровар келадиган маблағни кўриб, қувонганидан қичқириб юборди ва кўзлари лиммо-лим ёшга тўлиб, «туғилажак фарзандимиз ғамида юрган хожамни бориб хушхабар билан тезроқ қувонтирай», деб ишидан рухсат сўради. У тез-тез юриб уйига қайтар экан, унинг шахдам қадамлари гўё кучли шамолдан ҳам ўзиб кетарди.

Уйига вақтидан илгари қайтгани учун таажжубланиб турган хожасини аёл шоша-пиша чақиришга тушди. Ёки туғиш маҳали бўлдимикан деса, аёлининг қувончли овозидан бунга сира ўхшамас эди. Аёл «Адҳам ака», деб хожасини бағрига ўзини отиб, деди:

- Аллоҳ бизни ўз марҳамати билан сийлади…

Шуни ёдда тутингки, қаерда бўлсангиз ҳам қилган яхшилигингиз албатта, сиз учун қайтади. Чунки, «Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир».

Сарафроз УСМОНОВА.