Кўчмас мулк бинолари хатланиб, ҳисоб рақамига банд солингач, МЧЖдан солиқ қарздорлиги ундирилди
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг қарздор “Самарқанд Техмак Мато” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Самарқанд шаҳар Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 199 млн. 367 минг 173 сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ижро иш юритувига келиб тушган.
Шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилган. Бу ҳақда Zarnews.uz сайтига Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими хабар бермоқда.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Самарқанд Техмак Мато” масъулияти чекланган жамиятининг банк ҳисоб-рақамларининг чиқим қисмига банд солинган.
Қарздор “Самарқанд Техмак Мато” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди идораларга сўров хатлари юборилган.
Шунингдек, мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида давлат ижрочининг далолатномасига асосан қарздорга тегишли бўлган, масъулияти чекланган жамияти жойлашган манзилда қарздорнинг кўчмас мулки яъни, бинолари хатланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 233-моддаси тушунтирилган ҳолда қарздорнинг вакилига топширилган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Самарқанд Техмак Мато” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Самарқанд шаҳар Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 199 млн. 367 минг 173 сўм солиқ қарздорлиги ундириб берилди.