Кўклам кириб келмоқда: Самарқандда бу йилги баҳор байрамлари қандай ўтади?
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида баҳор байрамлари: 8 март -Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзни кўтаринки руҳда ўтказиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими вакиллари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидландики, бу йилги байрам тадбирлари ҳар йилгидан фарқли, ноанъанавий тарзда ташкил этилиши керак. Ўтказиладиган сайлларга ҳам мазмун киритиш лозим. Катта саҳналарда санъаткорлар томонидан ҳар йили айтилавериб, тингловчиларга ёд бўлиб кетган қўшиқлардан эмас, балки аҳолига завқ бағишлайдиган янги куй-қўшиқлардан фойдаланиш лозим.
Малакали мутахассислар, санъаткорлар, шоир ва ёзувчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўртага ташланди. Янги қўшиқ яратишда шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлиги вилоятда яхши йўлга қўйилмаганлиги танқид остига олинди. Ҳар бир байрам олдидан янги асарлар яратиш ва муаллифларни рағбатлантириб бориш яхши самара бериши айтиб ўтилди. “Энг яхши қўшиқ” кўрик-танловини ташкил этишга келишиб олинди. Асар яратилишида ҳиссаси бўлган шоир, бастакор ҳамда хонандаларни муносиб рағбатлантириш чоралари кўриладиган бўлди.
- Бу улуғ байрам тадбирларини ўтказишда 3-4 киши ёки бир ташкилот жамоасининг ташаббуси камлик қилади, албатта, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев. – Вилоятдаги барча ташкилотлар вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, тадбирларимиз кўнгилдагидек ўтади. Мақсадимиз вилоят аҳли ва меҳмонларга байрамона, баҳорий кайфият улашиш. Шунинг учун Самарқанд шаҳрида ташкил этиладиган тадбирларга фақат шаҳардаги санъаткорлар имкониятидан фойдаланиб қолмасдан, шаҳар ва туманлардан ҳам истеъдод эгаларини таклиф қилишни режалаштирганмиз.
Йиғилишда байрамлар олдидан ҳудудларда ободонлаштириш ва безаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.