Коммунал соҳа бўйича штаблардаги ишонч телефонлари: фақат 12 фоиз иштирокчилар қўнғироқдан сўнг муаммо ҳал бўлганини айтмоқда
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кеча аҳолини электр, газ, сув, иссиқлик билан таъминлаш ва бу борадаги мурожаатлар ечимига қаратилган йиғилишда аксарият масъул раҳбар ва ходимлар фуқаролардан келаётган мурожаатлар ечимига панжа орасидан қараб келаётганини қаттиқ танқид қилди.
Ҳақиқатан ҳам аҳоли коммунал соҳадаги ишлар, қилинаётган мурожаатларга муносабат самарасиз эканини билдиришмоқда.
Бу борада кеча каналимизда “Коммунал соҳа масалалари бўйича ташкил этилган штабларга электр, табиий газ ва маиший газ баллонлар таъминоти бўйича қўнғироғингиздан қандай натижа бўлмоқда?” саволи билан сўровнома ўтказган эдик. Сўровномада иштирок этган ўқувчиларнинг жавоби ҳам буни бевосита тасдиқлайди.
Жумладан, иштирокчиларнинг 38 фоизи “Бу рақамларга тушиб бўлмаяпти” деган жавобни белгилаган. 12 фоиз қатнашчилар “Ҳа ижобий ҳал қилиб беришяпти” жавобини белгилаган бўлса, 22 фоиз респондентлар “Муаммони ёзиб олиб олишади, аммо кам ҳолларда ижобий ҳал қилишади” деган фикрда экани маълум бўлди. 28 фоиз ўқувчилар бу рақамларга қўнғироқ қилмаганини билдирган.
Шунингдек, бир қатор ўқувчилар изоҳларда ҳам ўз фикрларини қолдирган. Уларнинг айримлари штаблардаги телефонларга тушиб бўлмаслигини айтса, айримлар қайта-қайта қўнғироқлардан сўнг муаммо ҳал бўлганини билдирган. Жумладан, ўқувчилардан бири Нурбек Нарзуллаев “Телефон қилдим, “15-ўриндасиз” деди, аммо 10-навбатга келиб узилиб қолди”, дея изоҳ қолдирган.
Вилоят ҳокими Янги йил байрами олдидан аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида 30 декабргача барча турдаги фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш долзарб 3 кунлигини эълон қилди. Ўйлаймизки, коммунал соҳа мутасаддилари жойларда электр, газ, иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммоларни тезда ҳал этади, аҳоли мурожаатлари беэътибор қолдирилмайди.