Конституцияга таклифим бор: Ислоҳотлар маҳаллий Кенгашлар ваколатларига ҳам дахлдор
Яқинда давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига алоҳида урғу бергани биз депутатларга катта масъулият юклади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратишдир, деб таъкидлади Президент. Барчангизга маълумки, бу ғояни мен аввал ҳам бир неча марта илгари сурган эдим. Амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш вақти келди, деб ҳисоблайман. Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади.
Давлатимиз раҳбари таклиф этган бу ғоя амалга оширилиши натижасида маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кенгаяди. Аслида, халқ ноиблари - депутатлар фаол бўлса, бошқа жамоат тузилмалари уларга қараб андоза олади. Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилади.
Қолаверса, таклиф этилаётган ғоя ижро ҳокимияти фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Бу ўз навбатида жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади.
Умуман, ривожланган давлатлар амалиётидан маълумки, жамоатчилик назорати кучайиши, қолаверса, ҳокимиятлар бўлиниш принципларининг тўла ҳаётга татбиқ этилиши фақатгина жамият ривожига хизмат қилади.
Учрашувда билдирилган фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, амалга оширилаётган ислоҳот аниқ мақсад ва ҳисоб-китобларга асосланган режа асосида амалга оширилмоқда.
Мисол учун, биргина Кенгашларга раислик қилиш таклифини олайлик. Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида гап кетганда, айримлар бунга қарши бўлиб, баъзилар эътироз билдиргани ҳам рост. Аммо бугунгача амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва бугунги кун воқеликлари бунга зарурат туғилаётганини кўрсатмоқда. Шу сабабли вилоятимиз депутатлари масала моҳиятини тўғри тушунган ҳолда Конституциямизга ўзгартириш киритиш бўйича ўз сайловчиларининг таклифларини умумлаштирмоқда.
Зафар Каримов,
O'zLiDeP вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири.