Конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?

Президент Шавкат Мирзиёев шу каби саволлар атрофида фикр юритди.

“Албатта, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди, - деди Президент. - Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор.

Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда.

Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.

Бу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай?

Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади?

Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?

Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир.

Маълумки, Асосий қонунимизнинг 12-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Бу – ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир.

Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин.

Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.

“Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур.

Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак".